19.07.2019
Мавсумнинг иккинчи ярмига Чирчиқ шаҳрида таёргарлик олиб бораётган жамоамиз футболчилари бугун Ғузорнинг “Шўртан” жамоасига қарши майдонда тушишди. Шу кунларда Азиз Тўхтабоев бошчилигидаги мураббийлар штаби суперлиганинг иккинчи даврасида мухлисларни чиройли ўйинлар ва ғалабалар билан хурсанд қилиш учун тиним билмай изланмоқдалар ва футболчиларни ҳар томонлама пухта тайёрлаш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Бугун мураббийларимиз бошланғич таркибга асосан ёш ва янги футболчиларни киритишди. Ўйин футболчиларимиз фаол тарзда бошлашди.
Дастлабки ҳужумимиз хавфли чиқди.
5-дақиқада Тимур Усмонов гол урди, бироқ хакам дарвозабонга нисбатан фол қайд этди.
19-дақиқада меҳмонлар ҳисобни очишди. Дарвозабонимизнинг қўпол хатосидан Самандар Шодмонов унумли фойдаланди. 21-дақиқада ғузорликлар иккинчи бор дарвозамизни ишғол этишди.
Маъруф Муродов гол муаллифи. Яна қўпол хатога йўл қўйдик.
35-дақиқада Маъруф Муродов Жасур Ёқубовга нисбатан жуда қўпол ўйнагани учун четлатилди. Унинг ўрнига бошқа футболчи майдонга тушди. 38-дақиқада ҳисоб йирик кўриниш олди.
Шерзод Темиров рақибимизнинг учинчи голига муаллифлик қилди.
2-таймда жамоамиз таркиби деярли янгиланади ва футболчиларимиз тўлиқ ташаббусга эга бўлишди.
Иккинчи тайм бошида жамоамиз сафидаги янги футболчи майдонга тушди. Ушбу ўйинчи 1997 йилда туғилган Уильям Миканда бўлиб, у Конго давлати фуқароси саналади ва ўз мамлакатининг U-20, U-23 терма жамоалари таркибида майдонга тушган.
Уильям жамоамиз мураббийлари кўригида бўлиб турибди.
53-дақиқада Суҳроб Бердиев рақиб дарвозасини ишғол этди. Орадан бир дақиқа ўтиб Жамшид Ҳасанов ҳисобни қисқартирди. 76-дақиқада яна Бердиев ўзини кўрсатиб ҳисобни тенглаштирди. Қолган дақиқаларда вакилларимиз голга тортадиган кўплаб вазиятлар вужудга келди. Бироқ улардан самарали фойдалана олмадик. Қолаверса, рақиб посбони ҳам бугун яхши ўйнади. Шу тариқа, футболчиларимиз йиғиндаги сўнгги назорат баҳсида жанговор дуранг қайд этишди.
Назорат ўйини
«Қўқон-1912» – «Шўртан» – 3:3 (0:3)
Голлар: Суҳроб Бердиев (53,76), Жамшид Хасанов (54) – Самандар Шодмонов (19), Маъруф Муродов (21), Шерзод Темиров (38)