23.07.2019
Бугун “Қўқон-1912” футбол клуби офисида жамоанинг фахрий мухлислари ҳамда мухлислар клубивакилларининг клуб раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда “Қўқон-1912” футбол жамоасига 30 йилдан ортиқ мухлислик қилиб келаётган Расулжон ота Аҳмедов,Турсунхўжа Усмонов, Суннатило Ёқубов, Қаҳрамон Исроилов, Ўлмасжон Сайфутдинов каби фаол мухлисларимиз иштирок этишди.
Учрашувда фахрий мухлисларимиз жамоамизнинг бу йилги натижалари қониқарсиз эканлиги , жамоанинг турнир жадвалидаги ҳозирги ўрнидан хавотирда эканликларини яширмадилар. Улар бошланаётган 2-давра ўйинларида жамоамиздан умидлари катта эканликларини, Қўқонлик мухлисларнинг кайфиятлари жамоанинг ўйинига боғлиқ экалигини таъкидлаб ўтишди. Учрашувда “Қўқон-1912” жамоаси президенти Бахтиёржон Толипов иштирок этиб,жамоа мухлисларининг талаблари ўринли эканлигини , айни кунларда барча мураббийлар штаби ҳамда футболчиларнинг фикру-хаёллари ҳам 2-даврада мухлисларнинг ишончини қайтариш эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Жамоа раҳбари бу борада олиб борилаётган ишлар билан мухлислар вакилларини батафсил таништирди.
“Мураббийлар штаби жамоа ҳужум чизиғини ҳамда ярим ҳимояни кучайтириш учун селекция ишларини олиб боришмоқда. Айни кунларда жамоамизда 4 нафар ҳужумчи бўлди. Майдон марказига “Пахтакор” жамоасидан ёш умидли футболчи Собит Синдаров таклиф қилинди. Шунингдек айрим тажрибали дарвозабонлар ҳам музокаралалар олиб борилмоқда. Ўзимизнинг ёш дарвозабонимиз Ислом Абдуллаев ҳам бу мавсум анча ишончли ўйнамоқда , лекин жамоада тенг кучли 3 нафар дарвозабон бўлишини истаймиз. Молиявий томондан бироз муаммолар бўлмоқда, бу нафақат бизнинг жамоада балки суперлиганинг кўплаб жамоаларида кузатилаётган ҳолат. Шунга қарамай футболчиларимизга маошларини ўз вақтида тўлаб бориш учун тўхтамай изланяпмиз. Бу борада муаммо бўлмайди”-деди жумладан Б Толипов.
“Биз ҳозирги кунда жамоадаги футболчиларимизга ишонамиз. Уларни қўллаб-қувватлаймиз. Футболчиларимиз жамоамизни бу вазиятдан олиб чиқа олишади. Бу гапларимизни футболчиларга етказинглар , илтимос”-дейди фахрий мухлисимиз Суннатило Ёқубов.
“Мен 30 йилдан ортиқ шу жамоага мухлислик қиламан. Охирги вақтларда стадиондан уйга асабий ҳолда қайтадиган бўлиб қолдик. Йигитларимиз бундан буёғига ўз майдонларидаги ўйинларда фақат ғалаба қозонишларини истаймиз. Қолаверса футболчилар билан мухлислар ўртасида ҳам тез-тез учрашувлар ўтказилиб турилса яхши бўларди”- дейди Расулжон ота Аҳмедов.
Учрашувда мухлислар вакиллари , клуб раҳбарияти томонидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Якунда мухлислар вакиллари билан футболчилар ўртасида ҳам учрашувлар ташкил қилиш борасида келишиб олинди.
Биз оғир кунларда ҳам бизни ёлғизлатиб қўймаётган жамоамизнинг жонкуяр мухлисларига клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ҳамда футболчилар номидан миннатдорчилик билдирамиз. Албатта 2-давра ўйинларида футболчиларимиз мухлислар ишончини оқлайдилар деб ишонч билдирамиз.