24.08.2020
Coca Cola суперлигаси 12-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Андижон” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.
– Бугун “Андижон” жамоасидан бутунлай кутилмаган ўйин, кутилмаган тактик ўзгариш ва бошқача шижоатни кўрдим. Кўплаб ўйинлар ўтказган бўлсак, бугун энг оғир учрашувлардан бири бўлди. “Дерби” ўз номига яраша жанговар руҳда ўтди. Лекин бу баҳс мавсумдаги энг ёмон ўйинимиз бўлди. Ўйлаган тактик услубларимиз ҳам ўхшамади. Ғалаба қозонган бўлсак-да, ўйиндан мураббий сифатида кўнглим тўлмади. “Андижон” бугун камида дурангга лойиқ ўйин курсатди.
Ҳозирги пайтда пандемия,футболчиларда чарчоқ борлиги ҳамма учун таниш гаплар. Ҳамма айни дамда бир хил ҳолатда деб уйлайман.Марказлашган уйинларнинг бошланишидан олдин мураббийлар келишиб олган эдик.Хар бир жамоада 45 нафар футболчи рўйхатга олинган. Қайсидир жамоа пандемия сабабли футболчилар ва таркиб билан муаммога дуч келса заявкадаги футболчилардан фойдаланишга ва ўйинни қолдирмасликка келишиб олгандик.Шу сабабли бу муаммоларга дуч келсак буни бахона килмаслигимиз керак.Очиғини айтаман, бугун ўйининимиз бутунлай қовушмади. Шу сабабли бугунги ғалабани омадимиз келгани билан изоҳлаган бўлардим. Йигитлар ҳам охиригача курашишди. Бугун рақибимиз ҳам жанговар ўйин кўрсатди.
Бугунги ўйин учун ҳар икки жамоа аъзоларига миннатдорчилик билдираман. Яна шу нарсани қўшимча қилишим мумкинки, пандемия сабаб бирор жамоа муаммога дуч келса, ПФЛнинг ҳар қандай қарорига рози бўламиз. Биз рақибларнинг заифлашувидан манфаатдор эмасмиз. Уч кундан кейин яна бир “дерби”да майдонга тушамиз. “Навбаҳор”га қарши бўладиган беллашув ҳам осон бўлмайди.