08.10.2022
Coca-Cola Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Локомотив” (0:0) учрашувидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Даврон Файзиев матбуот анжуманида иштирок этди
Ўйин ҳақида
– Бу каби асабий ўйинлардан сўнг ҳозир бирон фикр билдириш қийин. Гол урмасанг, ютмайсан, бу футболнинг аниқ қоидаси. Охирги турлар биз учун қийин ўтаяпти. Дарвозабонни алдаб ўтиб ҳам тўп кирмаслиги, буни билмадим. Йигитлар ҳаракат қилишди, астойдил ўйнашди. “Локомотив”, биз ва “Сурхон” жадвалнинг қуйи қисмида турибмиз. Бугунги ўйинда 3 очко сув ва ҳаводек зарур эди. Лекин яна муроса йўлини танладик. Шунча кўп вазиятни кўкка совуриш ҳар қандай жамоани тушкунликка тушириб қўяди. Ҳозир ўйин ҳақида бирон нима дея олмайман. Такрорий вазиятларни кўриб чиқсак бирон фикр билдиришим мумкин. Сўнги учрашувларда 15-20 та голли вазиятларни яратаяпмиз.
– Кетма-кет ғалабасиз серияларни бир сўз билан қандай изохлаган бўлардингиз?
– Қандай ифодалаш мумкин? Ҳозирги саволизга жавоб берсам баҳонадек кўриниши мумкин. Жавоб бермасам бу ҳам нотўғри. Мураббийнинг пешонасига ёзилгани бўлади. Футболчиларни айбдор қилишга ҳаққим йўқ, улар ҳаракат қилишаяпти. Иккинчи даврада 6 та дуранг, 2 та мағлубият қайд этдик. Ҳозирги вазиятимиздан чиқиб кетиш учун сўнгги 5 та ўйиндан камида 3 та ғалаба қозонишимиз зарур. Ишлашда давом этамиз.
Раҳбарият қандайдир қарор берадиган бўлса, бунга тайёрман. Мураббийликнинг қисматида ҳамма нарса бор. Вазият ярата олмаган бўлсак, мураббий айбни тўлиқ бўйнига олиши мумкин. Раҳбарият мураббийнинг ишини кўриб чиқиб таҳлил қилади.