22.12.2018
Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси ўз олдига қўйган асосий вазифалардан бири – мухлисларга манзур бўладиган томошабоп ва қизиқарли, рақобатга бой чемпионат ташкил этиш ҳамда бу орқали стадионларга ишқибозлар ташрифини кўпайтиришдан иборат саналади.
Ортда қолган 2018 йилда ҳам стадионларга янада кўпроқ томошабин жалб этиш, ишқибозларнинг миллий футболимиз ва чемпионатимизга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди.
Стадионларда оилавий секторлар ташкил этилди, жамоалар стадионларида ўз расмий дўконларини ишга туширишди, учрашувлар олдидан элимиз суйган санъаткорлар томонидан турли концерт дастурлари ва акциялар ўтказиш йўлга қўйилди, рамазон ойи вақтида томошабинларга бепул ифторликлар ҳам тақдим этилди. Натижада 2017 йилги мавсум билан солиштирганда 2018 йилги мавсумда миллий чемпионатимизнинг ҳар бир ўйинига ташриф буюрадиган мухлислар ўртача сони деярли 2 бараварга ошди (ўртача ҳар бир учрашувга келган мухлис сони: 2017 йилда4386 нафар томошабин; 2018 йилда эса 8050 нафар томошабин).
Профессионал Футбол Лигаси мазкур ташаббусни 2019 йилда ҳам давом эттиради. Келгуси мавсумда ички чемпионатимизга бўлган қизиқишни янда орттириш ва стадионларга имкон қадар кўпроқ ишқибозлар келишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган лойиҳалар режаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, келаётган йилда ҳар бир клубнинг штат жадвали асосида ишга олинган мухлислар клуби етакчисига янада кўпроқ масъулият ва ваколатлар тақдим этилади. Мухлислар клуби етакчилари олдига қўйиладиган асосий вазифа эса – ўз севимли жамоаси ихлосмандларини янада кўпайтириб, уларни ягона фан-клубга бирлаштириш бўлади. Бу борада етакчиларга клуб ва ПФЛ томонидан амалий кўмак кўрсатилади.
Қолаверса, ортда қолган мавсумда талаб қилинган, аммо ижроси айрим клублар томонидан пайсалга солинган клуб рамзи (маскот) ва мадҳиясини ишлаб чиқиш масаласи ҳам янги – 2019 йилдан эътиборан мажбурий бўлади. Эндиликда ҳар бир клуб (агар клуб рамзи ёки мадҳияси мавжуд бўлмаса) клуб номи, жойлашган шаҳри, клубнинг асосий ранглари, унга мухлислик қиладиган аудиториядан келиб чиққан ҳолда ўз рамзи ҳамда мадҳиясини ишлаб чиқиши лозим бўлади. Бу орқали Суперлига-2019 ўйинлари мобайнида ўйиндан олдин, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг стадионда клубнинг ўз мадҳияси янграши таъминланади. Зеро ҳар бир жамоанинг ўз рамзи ва мадҳиясига эга бўлиши – ушбу жамоани қўллаб-қувватловчи мухлисларни янада жипслаштириши жаҳон тажрибасидан маълум.
Европанинг кўплаб жамоалари мухлислари клуб мадҳиясини учрашувлар вақтида ҳам ўз севимли ўйинчиларини руҳлантириш учун жўр бўлиб куйлашади. Ушбу анъанани бизнинг клублар ишқибозлари ўртасида ҳам шакллантириш устида иш олиб борилади.
2018 йилда клублар стадионлари ҳудудида ўз расмий дўконларини ташкил этишди. Ушбу амалиёт аксарият клублар учун энди-энди тадбиқ этилаётгани сабаб айрим камчиликлар кузатилди. Жумладан, кўп ҳолларда ишқибозлар ҳарид қилишни истаган клуб атрибутикалари сотиладиган дўконлар фақатгина ўйинлар вақтида фаолият кўрсатди, холос. Янги мавсумдан эътиборан ҳар бир клуб расмий дўкони ўйинлардан ташқари вақтларда ҳам мухлисларга хизмат кўрсатиши таъминланади. Қолаверса, стадионлардаги ўйинлар вақтида сотиладиган егулик ва ичимликлар нарҳи ҳам мақбул тарзда бўлиши назорат қилинади.
2018 йилдан стадионларда йўлга қўйилган оилавий секторлар ташкил этиш амалиёти анча самара берганига гувоҳ бўлдик. Натижада ортда қолган мавсумнинг аксарият учрашувларида футбол ихлосмандлари ўйинларни томоша қилиш учун стадионларга ўз оила аъзолари, фарзандлари билан биргаликда ташриф буюра бошлашди. 2019 йилда оилавий секторларга эътибор янада кучайтирилади ва стадионга оилавий ташриф буюрувчи мухлисларга турли қулайликлар яратилишига ҳаракат қилинади.
Шунингдек, Суперлига учрашувлари учун чиқариладиган чипталар эндиликда фақат стадион кассасидагина эмас, сайёр кассалар орқали одам гавжум жойларда ҳам сотилиши йўлга қўйилади.
Мухлислар билан ишлашни янада яхшилаш, жамоатчиликнинг миллий чемпионатимизга эътибори ва қизиқишини ошириш мақсадида Ёшлар Иттифоқи, турли таълим муассасалари билан ҳамкорлик кенгайтирилиб, етакчи футболчиларнинг жойларга ташриф буюриши ва ёшлар билан турли давра суҳбатлари ўтказиши орқали уларни соғлом-турмуш тарзига тарғиб этиш ишлари янада кўпайтирилади. Шунингдек, ўйинлардан ташқари вақтларда стадионларга ва клублар музейларига ёшлар учун экскурсиялар ташкил этиш ишлари янада кўпроқ амалга оширилади.
Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси 2019 йилда Суперлига учрашувлари вақтида стадионларимизга ишқибозлар ташрифи янада кўпайиши учун амалга оширилади.
Манба: pfl.uz