12.04.2018
АГМК –“Қўқон-1912” учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Нўъмон Ҳасанов ва жамоамиз сардори Носир Отақўзиевлар иштирок этишди.
Нўъмон Ҳасанов: – Суперлигадаги ҳар бир ўйин оғир бўлади. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб турибмиз. Жумладан, бугунги баҳс ҳам бундан мустасно эмас. Курашларга бой ўйин бўлди. Бугун рақибга нисбатан бизга қийинроқ эди, чунки биз сафардаги бешинчи ўйинни ўтказдик. Бугун йўқотишларимиз бор эди. Баҳодир Пардаев ва Мурод Холмуҳаммедовлар ўйинни ўтказиб юборишди. Шогирдларимдан кўпроқ бир-бирларига қисқа пас беришларини сўраган эдим. Биринчи бўлимнинг 25 дақиқасида мен кутган ўйинни намойиш эта олишди. Кейин эса бироз бошқача тўп суришди. Футболчиларимизни ҳам тўғри тушунаман. Олтита ўйиннинг бештасини сафарда ўтказиш осон эмас. Шундай бўлса-да, саккиз очко олишга эришдик. Бу ёмон натижа эмас. АГМКда ҳам яхши имкониятлар бўлди. Бугун омадимиз келди. Сафардан бир очко билан қайтиш бу яхши натижа.
Бугун бизни қўллаб-қувватлагани Қўқондан кўплаб мухлислар ташриф буюришди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман.
АГМКга кейинги ўйинларда омад тилайман.
Носир Отақўзиев: Чиндан ҳам бугунги баҳс анча оғир кечди. АГМК яхши шаклланган жамоа эканлигини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Меҳнатларимиз зое кетмади. АГМКга кейинги баҳсларда омад тилаб қоламан.