30.01.2018
Куни кеча Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, юртимизга қайтиб келган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси олдида яна бир жиддий вазифа турибди.
Аниқроғи, шу йилнинг август ойида Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида айнан Хитойда чемпионликка эришган футболчилар иштирок этишади. Бўлғуси мусобақага тайёргарлик кўриш учун Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишни режалаштирган.
Жумладан, ЎФА расмий сайтининг хабар беришича жорий йилнинг март ойида Саудия Арабистони терма жамоаси билан Ўзбекистонда иккита ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Хабарингиз бўлса, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов Фарғонага уюштирган сафари чоғида водийда халқаро ўртоқлик ўйинлари ўтказиш ва бу ердаги футбол мухлислари учун ҳақиқий байрам ташкил этиш бўйича ваъда бериб ўтганди.
Ана шу ваъдага мувофиқ, Саудия Арабистонига қарши дастлабки ўртоқлик ўйини 21 март куни Фарғонада бўлиб ўтади. Орадан 4 кун ўтиб 25 март куни Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Андижонда Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради. Бу ўртоқлик ўйинлари водийдаги футбол мухлислари учун Наврўз байрамига ҳақиқий туҳфа бўлиши аниқ.
Мазкур ўйинлар орқали Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа Осиё ўйинларига тайёргарлик олиб боради.