02.02.2018
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов бугун Қўқонга ташриф буюрди.
ЎФА 1-вице-президентини Қўқон шаҳрида “Қўқон-1912” жамоаси вице-президенти Бахтиёржон Толипов ва “Содиқ мухлислар клуби” аъзолари кутиб олишди.
Шундан кейин Умид Аҳмаджонов “Қўқон-1912” клубига қарашли “Марказий” стадионга ташриф буюриб бу ерда амалга оширилаётган қурилиш реконструкция ишлари билан яқиндан танишди. Меҳмонлар келган пайтда стадионда иш анча қизғин давом этаётган эди.
ЎФА 1-вице-президенти қурувчиларга Суперлиганинг янги мавсуми бошлангунга қадар стадиондаги қайта таъмирлаш ишларини якунига етказиш кераклигини таъкидлади ва бу борада тегишли кўрсатмаларни бериб ўтди.
Мухлислар билан учрашув чоғида Умид Аҳмаджонов Қўқонлик мухлисларни янги мавсумда ҳам ўз жамоаларини фаол тарзда қўллаб-қувватлаш лозимлигини, улар бежизга 2017 йилнинг энг яхши мухлислар клуби деб эътироф этилмаганликларини исботлашлаш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, ЎФА 1-вице-президенти ОЧЛдан ўрин олган “Насаф” иштирокидаги сафардаги ўйинларнинг бирига Қўқонлик энг фаол 10 нафар мухлисни Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ҳисобидан юборилишини айтиб ўтди.
Ўз навбатида Қўқонлик футбол ишқибозлари бунинг учун Умид Аҳмаджоновга катта миннатдорчилик билдириб ўтишди.
“Қўқон-1912” клуби мухлислари Осиё чемпиони бўлгани муносабати билан қўқонлик мухлислар номидан Умид Аҳмаджоновни чин юракдан табрикладилар. Юртимизда футболни ривожлантиришга ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилётгани учун муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдор эканликларини айтиб ўтишди.
Мухлислар билан учрашув кўтаринки руҳда ўтганини айтиш жоиз.
Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Қўқонга қилган ташрифи шу билан якунига етди.