30.04.2018
Сўнгги учрашувларда дуранг ўйнаётган жамоамизга бу ўйиндаги ғалаба жуда зарур эди. Буни ҳис этган вакилларимиз ўйинни ҳужумкор руҳда бошлашди. Мазкур баҳсни дисквалификация туфайли жамоамиз етакчиси Мурод Холмуҳаммедов ўтказиб юборди.
Ўйиндаги биринчи хавфли вазият меҳмонлар томонидан ташкил этилди. Лекин ундан Миржалол Қосимов шогирдлари унумли фойдалана олишмади. Учрашувнинг 8-дақиқасида эса вакилларимизда яхши имконият вужудга келди. Игорь Тараннинг зарбасига бироз аниқлик етишмади.
Тайм ўрталарига келиб устунлик тўлиқ футболчиларимиз томонига ўтди. Вакилларимиз кетма-кет ҳужум уюштиришди. Бироқ улардан самара келтира олмадик.
33-дақиқада бурчак зарбасидан сўнг, ҳисобни очишимиз мумкин эди. “Бунёдкор” ҳимоячилари хавфни бартараф этиб қолишди.
35-дақиқада Собирхўжаев-Тошматов-Ғиёсов комбинациясидан сўнг Хуршиднинг боши билан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб майдонни тарк этди. Бу вазиятда ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни ҳам қайд этди.
41-дақиқада Милан Спремода жуда қулай имконият юзага келганди. Бироқ сербиялик ўйинчининг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Легионеримиз деярли бирга-бир вазиятга чиқиб борганди.
Биринчи бўлим нурсиз дуранг билан якун топди. 50-дақиқада рақиб дарвозаси олдида навбатдаги хавфли вазият вужудга келди. Суҳроб Бердиевнинг кучли зарбасини Мурод Зуҳуров катта қийинчилик билан қайтариб қолди. 56-дақиқада жарима майдончаси ичига оширилган тўпни Дарко Гожкович боши билан рақиб дарвозаси томон йўллади. Бироқ зарбага бироз аниқлик етишмади. 72-дақиқада меҳмонлар ҳисобни очишлари мумкин эди. Ўткир Юсуповнинг маҳорати жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди. 76-дақиқада қарши ҳужумдан сўнг Филип Райевац яқин масофадан боши билан аниқ зарба йўллаганди дарвозабонимиз яна ўзини кўрсатди. 80-дақиқада Носир Отақўзиевнинг боши билан берган зарбасини Зуҳуров қайтариб қолганди. Кейинги ҳужумда эса ҳисобни очдик. Айнан Носир Отақўзиев ҳимоядаги пала-партишликдан унумли фойдаланди. 86-дақиқа Милан Спремо қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди ва унинг узатган тўпини меҳмонлар майдонга ташқарисига чиқариб юборишди.
Ўйин сўнггига қадар ҳисоб ўзгармади ва жамоамиз муҳим бўлган ғалабани қўлга киритди.
Суперлига
9-тур
“Қўқон-1912” – “Бунёдкор” – 1:0 (0:0)
Ҳакамлар: И. Танташев (Бухоро), А. Снетков (Тошкент вил.), С. Улфатов (Тошкент вил.), Д. Жалимов (Тошкент вил.).
Назоратчи – С. Эрматов (Тошкент).
Комиссар – Р. Черников.
Гол: Носир Отақўзиев – 80,
“Қўқон-1912”: 1. Ўткир Юсупов, 7. Жамшид Ҳасанов, 10. Жавоҳир Сидиқов (5. Ғиёс Комилов-90), 15. Ойбек Рустамов, 17. Қувондиқ Рўзиев, 19. Суҳроб Бердиев (, 9. Носир Отақўзиев-75), 23. Александр Мерзляков, 29. Игорь Таран (96. Муҳаммаданас Ҳасанов-56), 55. Дарко Гожкович, 65. Марко Милич, 95. Милан Спремо.
Захира: 21. Музаффар Абдуллаев, 4. Баҳодир Акрамов, 14. Аваз Маматхўжаев, 18. Баҳодир Пардаев.
“Бунёдкор”: 25. Мурод Зуҳуров, 2. Рустам Ашурматов, 3. Ислом Қобилов, 4. Акрам Комилов (9. Шаҳзод Нурматов-45), 11. Мурод Тошматов, 18. Сардор Собирхўжаев, 20. Мирғиёс Сулаймонов, 28. Даврон Умиров, 30. Хуршид Ғиёсов (21. Расул Юлдашев-88), 44. Миржамол Қосимов, 99. Филип Райевац (62. Жаҳонгир Абдусаломов-91).
Захира: 32. Суҳроб Султонов, 6. Анвар Ғофуров, 15. Фаррух Икромов, 52. Ҳасан Юлдашев, 64. Отабек Бекбоев.