12.08.2018
Pepsi Суперлига 21-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Пахтакор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманинг иккинчи қисмида жамоамиз устози Нўъмон Ҳасанов ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиси Қувондиқ Рўзиевлар қатнашишди.
Нўъмон Ҳасанов: – Томошабинбоп ўйин бўлди. Бугун фақат ғалаба учун майдонга тушгандик. Биринчи бўлимда 3 та голга тортадиган вазият яратдик, шулардан биттасидан фойдаланганимизда эди, ўйин бошқача бўлар эди. Лекин йўқотишлар барибир ўз сўзини айтди. Жавоҳир Сидиқов ҳамда Жасур Ҳакимовлар бўлганида бошқача тактикада ўйнардик. Бугун рақибимиз кучли бўлгани боис, ҳимоявий тактикада тўп сурдик. Ижарага олинган футболчилар борасида ЎФА қандайдир қарор чиқариши керакка ўхшайди. Голдан кейин футболчиларимиз руҳий томондан устунликка эга бўлишди ва кетма-кет ҳужумлар уюштиришди. Ўзи футболда шундай гол ургач, руҳий томондан устунликка эришасиз.
Отақўзиевни ўйинга тушираётганимда гол уришига ишонган эдим. Унга барибир сенда вазият бўлади деган эдим.Ўйин натижасидан хурсанд ҳам хафа ҳам эмасман. Бугун бизни тинимсиз қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман.
Қувондиқ Рўзиев: – Мухлисларимизга катта раҳмат. Улар 12-ўйинчи сифатида бизни қўллаб-қувватлаб туришди. Ўйиндаги ғалаба биз учун муҳим эди. Жавоҳир Сидиқовнинг йўқлиги билинди. Унинг ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қилдик.