18.09.2018
Ўзбекистон кубоги чорак финал доирасида “Қўқон-1912” – “Қизилқум” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз устози Нўъмон Ҳасанов ва бугунги ўйин қаҳрамони Суҳроб Бердиевлар қатнашишди.
Нўъмон Ҳасанов: – Аввало бугунги ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман. Бугунги ғалабада мухлисларимизнинг ҳам ҳиссалари беқиёс бўлди.
Ўйинга келадиган бўлсам, бугун биринчи таймдаги ўйинимиз мен истаган ўйин бўлди. 2-таймга келиб йигитларда бироз чарчоқ аломатлари сезилди. Шунақа пайтда заҳира ўриндиғида ўйинни кучайтирадиган, тажрибали футболчилар етишмаслиги бизга кўп ўйинларда панд беряпти. Иккинчи бўлимда заҳирадан майдонга туширган футболчиларим барчаси ёш футболчилар. Ҳали улар билан кўп ишлашимиз керак. Шунга қарамай ғалабани сақлаб қолганимиз қувонарли бўлди.
Ярим финалда ким рақиб бўлишини фарқи йўқ. Чунки ярим финалда кучсиз рақиб бўлмайди. Биз финалга чиқиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Ҳозирча эса бор эътиборимизни Навоийда бўладиган 24-тур ўйинига қаратишга мажбурмиз.
Суҳроб Бердиев: Бугун биз майдонга фақат ғалаба учун тушган эдик. Барча жамоадошларим майдонда борларини бериб ўйнашди. Якунда мақсадимизга эришдик. Стадионда бизни ажойиб тарзда қўллаб турган мухлисларимизга катта раҳмат айтаман. Бугун киритган ҳар иккала голимни мухлисларга бағишлайман .