14.12.2018
Якунига етган мавсум сарҳисобини давом эттирамиз. Бугун 2018 йилда юксалишга эришган футболчиларимиз ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Ойбек Рустамов
Ёш футболчимиз учун 2018 йил чиндан ҳам юксалиш йили бўлди. Ойбек йил бошида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Бундан ташқари, Президентимиз томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Жамоамизнинг муҳим ўйинчиларидан бири бўлиш билан бир қаторда Ойбек олимпия терма жамоаси йиғинларига таклиф этилди ва бир нечта халқаро турнирларда ғолиб бўлишга эришди.
Жавоҳир Сидиқов
Йилдан-йилга янги марраларни забт этаётган Жавоҳир Сидиқов учун ҳам якунига етаётган йил жуда муваффақиятли бўлди. Жавоҳир ҳам йил бошида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлди. Тинимсиз меҳнатлари эвазига миллий терма жамоагача бўлган йўлни босиб ўтди. Миллий терма жамоада дебют қилди. Айни дамда Сидиқов бош жамоамизнинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Олдинда эса уни яна бир йирик мусобақа кутмоқда – Осиё Кубоги.
Ўткир Юсупов
Йил бошида жамоамиз сафига келиб қўшилган Ўткир Юсупов учун ҳам якунига етган мавсум жуда муваффақиятли ўтди. Дарвозабонимиз мавсум давомида барча ўйинларда тўлиқ майдонга тушган Суперлигадаги ягона футболчига айланди. Айнан унинг ишончли ҳаракатлари миллий терма жамоамиз мураббийларининг эътиборини тортди ва Ўткир ҳам терма жамоага таклиф этилди. Унинг бош жамоадаги дебют учрашуви Қатар терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик ўйинига тўғри келди. Ўша баҳсда миллий терма жамоамиз ғалаба қозонди.
Мурод Холмуҳаммедов
Мавсум-2018да жамоамиз тўпурари бўлган Мурод Холмуҳаммедов учун ҳам йил анча самарали ўтганини таъкидлаш жоиз. Етакчиларга хос ҳаракатлари эвазига Мурод Холмуҳаммедов қийин паллада жамоамизга далда бўлиб, ғалабаларда ўзининг катта ҳиссасини қўша олди. Холмуҳаммедов ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинига таклиф этилди.
Қувондиқ Рўзиев
Қўқонлик футбол мухлисларнинг ёқимтойларидан бири сифатида эътироф этиладиган Қувондиқ Рўзиев ҳам мавсумни юқори даражада ўтказа олди. Қувондиқ ҳам жамоамизнинг муваффақиятларида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Иқбол Маликжонов
Қўқон футболи тарбияланувчиси ҳисобланадиган Иқбол Маликжонов учун бу йил юксалиш йили бўлди. Ёзги трансферлар чоғида жамоамизга қайтиб келган Маликжонов тинимсиз меҳнатлари эвазига “Қўқон-1912”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Айниқса, сафарда “Бунёдкор”га қарши кечган баҳсни Иқбол юқори даражада ўтказганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.