17.12.2018
Якунига етган мавсумга доир маълумотларимизни давом эттирамиз. Бугун мавсум-2018даги ўринбосарларимиз сафида ўзини кўрсатган ёшлар ҳақида сўз юритамиз.
Иброҳим Ғофуров
Бу йилги мавсумни Иброҳим Ғофуров юқори даражада ўтказди. У ҳимоядаги ишончли ўйинлари орқали мухлис ва мутахассисларда яхши таассурот қолдирди. Иброҳим ўзининг тинимсиз меҳнатлари эвазига асосий таркиб футболчилари гуруҳига қўшилди ва айрим ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди.
Достон Мелиқўзиев
Тиниб-тинчимас ушбу ҳужумчимиз ҳам мавсумни яхши ўтказди. Достон мавсум давомида кўп гол урмаган бўлса-да, ўзининг саъй-ҳаракатлари билан ўринбосарларимизга катта ёрдам берди. Бундан ташқари, якунига етган мавсумда Мелиқўзиев Суперлигада иккита ўйинда майдонга тушди.
Дилшод Баратов
Истеъдодли ёшларимиздан бири саналган Дилшод Баратов учун ҳам якунланган мавсум омадли ўтди, дейишга асосларимиз бор. Бир неча бор Баратов муҳим голларни киритди.
Иброҳим Мухторов
Мавсумда яхши таассурот қолдирган ўйинларидан яна бири Иброҳим Мухторовдир. Ёш бўлишига қарамай, етакчиларидан бирига айланиб бораётган Иброҳим Мухторов ҳам ўринбосарларимиз учун муҳим бўлган голларга муаллифлик қилди. Айниқса, ўз майдонимиздаги сўнгги учрашувда унинг “Сўғдиёна” дарвозасига киритган голи жуда чиройли бўлганини таъкидлаш жоиз.
Савелий Абрамов
Ўринбосарларимизда кашфиёт бўлганларидан яна бири Савелий Абрамовдир. Ушбу ёш футболчи ҳам мавсумни яхши ўтказди. Унинг жаримадан тепган тўплари жуда хавфли кўриниш олди. Савелий якунига етган мавсумда ўринбосарларимизнинг асосий фигураларидан бирига айланди.
PS:Эртанги мақоламизда ўринбосарлар сафида кашфиёт бўлган айрим ёш ўйинчиларимиз ҳақида тўхталиб ўтамиз.