20.12.2018
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, бугун “Қўқон-1912” жамоаси мухлислар клубининг бир йиллик ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Қўқон-1912” футбол клуби раҳбарияти ва мухлислар клубининг аъзолари иштирок этишди.
Йиғилиш кун тартибидан учта масала ўрин олди.
1-масала: “Қўқон-1912″ жамоаси мухлислар клуби раиси М. Жалиловнинг йил давомида бажарилган ишлари ҳақидаги ҳисоботи.
2-масала: 2019 йил учун “Қўқон-1912″ жамоаси мухлислар клуби Кенгаш аъзоларини сайлаш.
3-масала: Кенгаш аъзолари орасидан “Қўқон-1912″ жамоаси мухлислар клуби раиси ва ўринбосарини сайлаш.
Йиғилишни “Қўқон-1912″ жамоаси вице-президенти, бош директори Бахтиёр Толипов очиб беришди. Жамоамиз раҳбари янги мавсум олдидан бўладиган ўзгаришлар хусусида сўз юритишди. Айни дамда кўпчилик мухлисларда “Марказий” ўйингоҳда бўлаётган ўзгаришлар борасида саволлар туғилгани аниқ. Клубимиз раҳбари бу борада ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.
Шундан кейин “Қўқон-1912″ жамоаси мухлислар клуби раиси М. Жалиловнинг бир йиллик ҳисоботи тингланди. Айтиш жоизки, якунига етган йилда мухлислар клуби томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Марказий” ўйингоҳда мухлислар клубига тегишли савдо дўкони йўлга қўйилди. Мухлисларнинг сафар ўйинларига бориб келишлари учун шароитлар яратиб берилди. Энг асосийси, 12-ўйинчи вазифаси аъло даражада бажарилди.
Шу билан бирга салбий ҳолатлар ҳам кузатилди. Суперлиганинг иккинчи босқичида мухлислар клубида бироз парокандалик юзага келди.
Мухлислар клуби раисининг ҳисоботи тинглангач, беш кишидан иборат Кенгаш аъзолари сайланди. Унга кўра, Ўлмасжон Сайфутдинов, Мансурхон Жалилов, Шерхон Қосимов, Қаҳрамон Исроилов ва Шарофиддин Турғуновлар Кенгаш аъзолари сифатида сайланишди.
Йиғилишнинг якуний қисмида “Қўқон-1912” жамоаси мухлислар клубига янги раис сайланди. Ушбу лавозимга Ўлмасжон Сайфутдинов муносиб кўрилди. Мухлислар клуби раисининг ўринбосари лавозимига эса бир овоздан Мансурхон Жалилов номзоди маъқулланди.
Йиғилиш якунида мухлисларимиз келаётган янги мавсумда ҳам фаол бўлиб, жамоамизни доимгидек қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Айтганча, мухлислар клубининг 2018 йилги фаолияти қониқарли деб топилганини ҳам таъкидлаш жоиз.