Нўъмон Ҳасанов: «Жавоҳир Сидиқовга Осиёнинг энг кучли клублари қизиқяпти»

08.01.2019

«Қўқон-1912» жамоаси ўтган йили максимал даражада ўйин кўрсата олди дейиш қийин. Турли муаммо ва қийинчиликлар туфайли қўқонликлар 2018 йилги мавсумда мухлислар кутган натижани кўрсата олишмади. Шундан келиб чиққан ҳолда қўқонликлардан янги мавсумда янада янги марраларни кутишётгани ҳам ҳақиқат. Янги йил арафасида «Қўқон-1912» жамоаси байрам дастурхонини ёзди. Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда жамоа бош мураббийи Нўъмон Ҳасановни суҳбатга тортдик.
– Авваламбор мавсум-2018 ҳақида таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Чемпионат янгича форматда ўтди. Ўйинлар эса қизиқарлироқ кечди. Авваллари ўткинчи учрашувлар кўп бўларди, бу сафар шундай учрашувлар камайди. Ҳар қандай рақиб билан ўйин биз учун қийинчилик туғдирди. Қувонарлиси, кучли жамоаларга қарши яхши натижалар кўрсатдик. Айниқса, дастлабки 12 турдаги натижаларимиз ҳам қониқарли бўлди. 9 та учрашувда ўз дарвозамиздан бор йўғи иккита гол ўтказиб юбордик, кўпроқ голлар урдик. Ўз олдига кучли олтиликка кираман деган жамоа барибир давралар оралиғида таркибини кучайтириши керак. Тўғри, бундай вазиятда ҳамма клубда бўлмаса ҳам айримларида қийинчиликлар бўлади. Давралар оралиғида захирада қолиб кетаётган ва асосий таркибга кира олмаётган футболчилар билан хайрлашишимизга тўғри келди. Бизда «Пахтакор» ёки «Локомотив»га ўхшаган катта маблағларимиз йўқ. Менинг шундай характерим борки, сира футболчиларни алдагим келмайди. Эртага Нўъмон ака пул бермади, деган гап-сўзлар менга керак эмас. Шунинг учун улар билан гаплашаётганда доим очиқчасига айтаман. Бизда катта пул йўқ, агар қолиб ёрдам бераман дейдиганлар бўлса, бирга ишлашга тайёрмиз деб айтаман. Иложи борича ёзда жамоамиздан кетган ўйинчиларга клублар топиб бердим. Ўша пайтда бизда 11 нафардан зиёд ўйинчилар қолганди холос. Захира ўриндиғимиз эса деярли бўшаб қолганди. Ёзда Фирдавс Асадов, Беҳруз Саъдиллоев каби ўйинчиларни холдик холос. Кейин етакчимиз Жавоҳир Сидиқов терма жамоамизга чақирилиб турилди ва у ўйиндан бир кун олдин етиб келарди. Бундай омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Маблағсиз кучли олтиликка кириб бўлмайди, буни раҳбарият ҳам билади. Кучли жамоалар орасига киришга кириб олиб, кейин «Бухоро»га ўхшаб пулсиз ҳамма ўйинларни ютқазиш ҳам нотўғри. Кимдир ўз олдига аниқ вазифа қўйилгани ҳақида гапиришади. Аммо бизда қандайдир аниқ мақсад қўйилмаганди. Агарда мақсад қўйиладиган бўлса, футболчиларга қандайдир миқдорда мукофот пулларини топиб бериш керак бўлади. Айтайлик, жамоа кучли олтиликка кирса, бонуслар орқали рағбатлантирилиши айтилади. Лекин биз шунчаки ўз меҳнатимиз орқали олтиталикка киришга ҳаракат қилдик. Барибир ёзда таркибимиз кучсизланиб қолганди. Бу эса бизга қийинчилик туғдирди. Ҳаттоки, бизда учликка кириш учун ҳам имконият бор эди. Агарда юқори олтиликдан жой олганимизда 2-ўрин билан чемпионатни давом эттирардик. Чунки етакчиларга қарши ўйинларда кўп очколарни қўлга киритгандик. Масалан, «Бунёдкор»ни уйда ҳам, ўзимизда ҳам ютдик. «Пахтакор» ва «Локомотив» билан дуранг ўйнадик. «Навбаҳор»ни ҳам мағлубиятга учратдик. Аммо барибир қуйи олтиликда қолиб кетдик ва футболчилар бироз тушкунликка тушиб қолишди.

photo_2018-11-30_13-04-53

Бундай пайтда уларнинг руҳиятини кўтариш керак эди. Охирги учрашувларда ўзларини ўнглаб олишди. Натижада сўнгги олтита учрашувнинг тўрттасида ютдик ва иккитасида дуранг қайд этдик. Умумий маънода, йигитларимизнинг ўйинидан кўнглим тўлди. Қачон жамоамиз аъзолари миллий терма жамоадан жой олишган? «Қўқон-1912» қачон «Бунёдкор»ни Тошкентда ҳам, Қўқонда ҳам ютган? «Пахтакор» ва «Локомотив» билан тенгма-тенг ўйнадик. Барибир ўсиш бўлди. Ҳозирда кўплаб футболчиларимизга таклифлар бўляпти. Уларни олиб қолиш осон бўлмайди. Ҳар қандай ўйинчи ҳам қисқа фаолияти давомида кўпроқ пул ишлаб олгиси келади.
– Қўл остингизда бир қатор футболчиларнинг янги қирралари очилди. Шу боис бошқа жамоаларнинг эътиборларини тортишяпти. Айнан кимларга қизиқишлар кўпроқ бўляпти?
– Уларни чақирганимда бошқа жамоалар танимасди. Улар Қўқонда футболчи сифатида шаклланишди. 2017 йилда ҳам биз яхши ўйинлар кўрсатгандик ва ўшанда футболчиларни бир сўз билан: яна жамоамиз учун ўйнаб беринглар дея олиб қолгандим. Лекин ўшанда уларга «Қўқон-1912»дан ҳам кўра яхшироқ таклифлар бўлганди. Аммо мен кимнидир мажбурлаб ўйнатмайман. Қўқон футболи учун боримни бериб ўйнайман деган футболчилар билан ишлашни хоҳлайман. Жамоамизга келган пайтларда уларнинг кўзи ёниб турарди. Ҳамма нарса футболчининг ўзига боғлиқ. Машғулотларда берилиб ишлашгани ўзларига фойда келтирди. Ҳозир кимнинг қаерга кетиши ҳали аниқ эмас. Ўзим эса «Про» лицензияси учун ўқишда бўлдим, ҳар куни эрталаб 9 дан кечки 7 гача ўтириш ҳам осон эмас. 4 январь куни Тошкентда йиғиламиз.

DSC_6749 копия
– Жавоҳир Сидиқов ҳақида кўп гапириляпти. Менимча, бу сафар уни сақлаб қолиш қийин бўлса керак…
– Ўзининг мақсади четга кетиш. Жавоҳир анча улғайди ва яхши футболчи бўлиб етишди. У пулни биринчи ўринга қўядиганлардан эмас. Жавоҳир фақат футболчи сифатида янада ўсишни хоҳлаяпти. Терма жамоага ҳам кўпроқ фойдаги тегишини истаяпти. Унга Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг энг кучли клублари жиддий таклиф билан чиқишяпти. Ўзи ҳам интервью берганида одоб сақлаган ҳолда чиройли гапларни айтяпти. У кетса ҳам биз билан маслаҳатлашиб кейин кетмоқчи. Шунинг ўзи ҳам унинг тарбиясидан дарак беради.
– 2019 йилда сизнинг бошчилигингизда қанақа жамоани кўрамиз?
– Менинг ишим Қўқон футболини кўтариш ва жамоани чемпионатга тайёрлаш. Шунингдек, стадионга яна мухлисларни қайтариш эди ва буни уддалай олдик. Агар ихтиёримда яхши ўйинчилар бўлса албатта менга осон. Агарда ҳозирги футболчилар жамоамизда қолса бу менга ҳам яхши. Чунки улар билан бир-биримизни яхши биламиз.

photo_2018-11-03_19-04-46
– Қишки режалар қандай?
– Стадионимизда қурилиш бошланган. Кўпроқ Тошкентда бўламиз. Февралда эса Туркияда йиғин ўтказмоқчимиз. Қанчалик кучли жамоалар билан ўйнасак, футболчи ўсиб бораверади. Баъзи раҳбарлар жамоани Туркияга фақат дам олгани боришади деб ўйлашади. Лекин биз у ерга фақат ишлаш учун борамиз.
– Шунингдек, чемпионат охирларида сизнинг клубдан кетишингиз ҳақида ҳам гап-сўзлар пайдо бўлганди. Чунки матбуот анжуманларида шунга ўхшаш гапларни айтгандингиз…
– Ҳа, тўғри. Айрим учрашувларда мухлисларимизнинг жамоамизга бўлган муносабати бироз ўзгариб қолганини, уларнинг хафа бўлишаётганини сезгандим. Мен жамоани ярим йўлда ташлаб кетиш учун эмас, шунчаки, яхши бўлиши учун раҳбариятга кетаман деб айтгандим. Аммо улар ва футболчилар жамоани ўзим йиққанимни ва бирга ишлашни исташаётганликларини айтишгач, яна қолишга қарор қилдим.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди

“Футбол Экспресс” газетасидан олинди.

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО