29.06.2019
Бугун ўзбек футболи ватани – Қўқонда катта футбол байрами! “Қўқон-1912” жамоаси бугун “Марказий” ўйингоҳда мамлакатимизнинг энг номдор клуби, чемпионат пешқадами Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасини қабул қилади. Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ҳар доим кескин курашлар остида ўтган, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, сўнгги йилларда Қўқонда бўлиб ўтаётган баҳслар шиддатли ва муросасиз руҳда ўтмоқда. Бугунги беллашув ҳам аввалгиларидан қолишмайди деган умиддамиз.
Бугун стадионга келиб жамоамизни қўллаб-қувватлашни унутманг! Зеро, мухлисларнинг далдаси футболчиларимизга руҳий мадад беради. Ҳар доим таъкидлашдан чарчамаймиз. “Қўқон-1912” жамоаси ўз мухлислари билан ҳамиша фахрланиб келади. Мамлакатимизда Қўқонлик футбол ишқибозлари етакчи эканлигини кўрсатадиган пайт келди. Сизларни “Марказий”да кутамиз.
Эслатиб ўтамиз, Coca Cola Суперлига 13-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Пахтакор” учрашуви бугун “Марказий” ўйингоҳда соат 18:00да бошланади. Бугунги баҳсда футболчиларимизга омад тилаб қоламиз.