07.07.2019
Лига кубогида муваффақиятли иштирок этаётган жамоамиз олдинги турдаги йирик ғалабадан кейин муддатидан олдин чорак финал масаласини ҳал қилган эди. Шундай бўлса-да, футболчиларимиз илк дақиқалардан бугунги баҳсда ҳам майдонга фақат ғалаба учун тушишганини исботлашди. 3-дақиқада рақибларимиз ўз жарима майдончалари ичида Қувондиқ Рўзиевга нисбатан қўполлик ишлатишди. Бош ҳакам ушбу вазиятда “Бухоро” дарвозасига пенальти белгилади. Пенальтини эса Суҳроб Бердиев аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. 8-дақиқада футболчиларимиз томонидан ажойиб комбинация ташкил этилди. Ушбу комбинациядан кейин Суҳроб Бердиев рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди.
24-дақиқада футболчиларимиз рақиб дарвозасига учинчи голни киритишди. Бу сафар ҳам гол муаллифи Суҳроб Бердиев бўлди. Ҳимоячиларнинг хатосидан Бердиев унумли фойдаланди. 28-дақиқадаги комбинациямиз ҳам рақиб дарвозасининг ишғол этилиши билан якун топди. Тимур Усмонов жамоадоши томонидан оширилган тўпни рақиб дарозасига жойлаб қўйди. 38-дақиқада жарима майдончамиз ичида юзага келган пала-партишликдан кейин Фирдавс Асадов бирга-бир вазиятга чиқиб кетганди. Унинг зарбасини Ислом Абдуллаев қайтаришга эришди. Тайм охирида ҳар икки жамоа вакиллари ҳарчанд ўринишмасин, танаффусга қадар ҳисоб ўзгаришсиз қолиб кетди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида бухороликлар бироз фаоллашишганини таъкидлаш жоиз.
Иккинчи бўлимни меҳмонлар фаол тарзда бошлашди. 47-дақиқада захирадан майдонга тушган Андрей Сидоров қулай имкониятни қўлдан бой берди. Орадан икки дақиқа ўтиб, футболичларимизда яхши вазият юзага келди. Суҳроб Бердиевнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб майдонни тарк этди. 51-дақиқада Тимур Усмонов яна бир бор ўзини кўрсатди ва ҳисобни янада йирик кўринишга келтириб қўйди. 56-дақиқада меҳмонлар сардори Жамолиддин Убайдуллаев дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиқиб ноаниқ зарба йўллади. 59-дақиқада дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Пенальтини эса Андрей Сидоров аниқ амалга оширди. 63-дақиқада Маматхўжаев-Эсонқулов-Маматхўжаев комбинацияси чиройли чиқди. Авазхоннинг зарбасини ҳимоячи қайтарди. 82-дақиқада футболчиларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Муҳаммаданас Ҳасановнинг зарбасини дарвозабон майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Ўйиннинг сўннгги дақиқасида Суҳроб Бердиев рақиб ҳимоячиларининг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 6:1 кўринишига олиб келди.
Шу тариқа, жамоамиз Лига Кубогидаги учинчи баҳсда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозониб, юз фоизли натижа билан гуруҳда яққол пешқадам бўлди.
Лига кубоги
“В” гуруҳи
3-тур
“Қўқон-1912” – “Бухоро” – 6:1 (4:0)
Ҳакамлар: А. Нажафалиев, Т. Гайнуллин, Н. Афиногенов.
Назоратчилар: Д. Роман.
Комиссар: С. Қудратуллаев.
Голлар: Суҳроб Бердиев (3 пен, 8, 24, 90+1), Тимур Усмонов (28, 51). – Андрей Сидоров (59 пен).
“Қўқон-1912”: 1. Ислом Абдуллаев, 7. Жамшид Ҳасанов, 8. Муҳаммаданас Ҳасанов, 10. Қувондиқ Рўзиев (17. Беҳруз Саъдиллоев – 70), 11. Тимур Ҳакимов, 13. Жавоҳир Эсонқулов (99. Дилшод Баратов – 64), 14. Аваз Маматхўжаев, 15. Ойбек Рустамов, 19. Суҳроб Бердиев, 21. Тимур Усмонов, 27. Жасур Ёқубов.
Захира: 25. Сарвар Каримов, 20. Иқбол Маликжонов.
“Бухоро”: 25. Шоҳжаҳон Насимов, 4. Миржалол Жумаев, 10. Фирдавс Асадов, 11. Акобир Тўраев (71. Андрей Сидоров – 46), 17. Жамолиддин Убайдуллаев, 23. Бехруз Шодмонов, 33. Тоҳир Шамсиддинов, 55. Охун Сайфиддинов, 77. Беҳруз Зайнитдинов (19. Бекзод Саидов – 65), 87. Анвар Жўраев, 97. Раҳмон Очилов.
Захира: 46. Хуршид Ходжаев.