31.12.2019
Мана ҳаш-паш дегунча 2019 йил ҳам ўз поёнига етиб бормоқда. Одатда бундай паллада йил якунлари сарҳисоб қилинади. Айтиш жоизки, якунига етаётган йил Қўқон футболида ўзига ҳос из қолдирди, десак мубалаға бўлмайди. “Қўқон-1912” жамоасининг 2019 йилдаги ёрқин лаҳзаларини яна бир бор ёдга олишни жоиз деб топдик.
“Фарғона вилоят ҳокими кубоги-2019”даги муваффақият
Маълумки, йил бошида Фарғонада аънавий тарзда “Фарғона вилоят ҳокими кубоги” баҳслари бўлиб ўтади. 2019 йилги мусобақа футболчиларимиз учун жуда муваффақиятли ўтди. Вакилларимиз турнирни юқори даражада ўтказишди. Барча ўйинларда ғалаба қозонган қўқонликлар бош совринни қўлга киритишди.
“Қўқон-ўзбек футболининг ватани”
Қўқонлик футбол ихлосмандлари учун унутилмас онларни тақдим этган яна бир мусобақа
“Қўқон-ўзбек футболининг ватани” шиори остидаги хотира турнири бўлди. Аслида, футбол бўладиган кун Қўқонликлар учун алоҳида бир байрам десак муболаға бўлмайди. Футбол ва байрам сўзи ўзбек футболининг ватанида ҳамиша ёнма-ён тилга олинади.
Мусобақа ташкилотчилари мазкур турнирга ўзгача тайёргарлик кўришганини финал исботлаб берди. Деярли бир ҳафтда давомида “Аҳмадхон” спорт мажмуаси мухлислар билан гавжум бўлди. Футбол мухлислари жами 32та футбол учрашувларини томоша қилишди.
Мусобақанинг якунида ўтказилган тақдирлаш маросими ҳам унутилмас ва тарихий воқеаларга бой бўлди. Мусобақа ташкилотчилари ҳақиқий сюрпризларни тақдим этишди.
Тақдирлаш маросими бошланишидан олдин майдон ўзгача қиёфага кирди. Жаҳоннинг айрим йирик мусобақаларининг якунида шундай “гўзаллик”нинг шоҳиди бўлишга одатланган мухлислар, “Аҳмадхон” спорт мажмуаси майдонида ҳам шундай манзарани жонли кўришга муяссар бўлишди. Очиғи биз бундай тақдирлаш маросимини бундан олдин Ўзбекистонда кўрмаганмиз.
Барча мусобақаларда бўлгани каби биринчи бўлиб финал учрашувини аъло даражада бошқарган ҳакамлар – Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расуловлар махсус соврин билан тақдирланишди. Тақдирлаш маросимини ёқимли овоз соҳиби – Даврон Файзиев олиб борганини ҳам қўшимча қилиш лозим.
Шундан кейин бирин-кетин номинация ғолиблари эълон қилина бошлади. Мусобақанинг “энг яхши дарвозабони” – Фарҳод Мусажонов (“Фахрийлар-1”), мусобақа тўпурари – Рахим Жўраев (“Шаҳар”), мусобақанинг “энг яхши ўйинчиси” – Аброр Мақсудов (Фахрийлар-1”), мусобақанинг энг ёш катта футболчиси Махмуджон Абдуллаев , 66 ёш (“Кимёгар”) ва мусобақанинг энг яхши бош мураббийи – Иброҳим Мамадиев (“Кимёгар”)лар велосипед, телевизор, чангютгич каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Шунингдек, “Қўқон-1912” футбол клуби томонидан “Фахрийлар-1” жамоаси бош мураббийи Шарифжон ака Мадаминовга ажойиб ва унутилмас совға тақдим этилди. “Қўқон-1912” футбол клуби президенти Бахтиёр Толипов ушбу мутахассисга “Умра” сафарига бориш имкониятини берувчи йўлланмани тақдим этганида бутун стадион ларзага келди. Шунингдек “Узмобайл” компанияси ҳамда Яйпаннинг “Турон” футбол клуби вакиллари ҳам ғолибларга ўзларининг эсдалик совғаларини тақдим қилишди.
Қўқон футболининг фидойиларидан бири , сухандон Анваржон ака Охунов ҳам мусобақа ташкилотчилар томонидан 10 миллион сумлик сертификат билан тақдирланди.
Мусобақани ташкил қилишда меҳнат қилган кўплаб инсонларга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди. Мусобақани ОАВда ёритиб борган ходимлар ҳам ташкилотчилар эътиборидан четда қолмагани бизни хурсанд қилди.
“Қўқон – ўзбек футболининг ватани” шиори остидаги мусобақа юқори нотада ўз якунига етди. Ушбу турнир орқали Қўқон ҳалқи футболни қанчалик севишлари, ардоқлашлари намоён бўлди. Мана шундай турнирлар бор экан ўзбек футболи ватанида янги юлдузлар етишиб чиқаверади.
Тарихий ғалаба
2019 йилда ўзбекистонлик футбол ишқибозлари янги мусобақа Лига кубоги баҳсларига ҳам гувоҳ бўлишди. Ушбу турнирда вакилларимиз ярим финалга қадар етиб боришди. Мусобақанинг биринчи турида “Пахтакор” меҳмони бўлган қўқонликлар Тошкентдан йирик 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишди. Ушбу ғалаба Қўқонлик футбол ихлосмандларига ҳақиқий байрамни тақдим этди. Мурод Холмуҳаммедовнинг суперголи эса ҳар қандай мусобақа безагига айланиши мумкин. Тарихий ғалаба ва тарихий гол.
Ҳалқаро ўртоқлик учрашуви
Қўқонда “Халқаро ҳунармандлар фестивали” бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Йирик халқаро анжуман доирасида халқаро ўртоқлик учрашуви ташкил этилгани эса футбол мухлислари учун яна бир совға бўлди. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон футболи ватани ҳисобланадиган “Қўқон-1912” ва “Хўжанд” жамоалари майдонга тушишди. Ўйин голларга бой бўлиб, жанговор – 3:3 ҳисобида якунига етди. Халқаро ўртоқлик учрашуви барчада иллиқ таассурот қолдирди. Икки қўшни мамлакат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлади.
Яна бир ёрқин ўйин
Мухлисларга қувончли онларни тақдим этган яна бир учрашув Coca Cola Суперлигаси
19-тур доирасидаги учрашувга тўғри келди. Шу турда Қўқонда меҳмон бўлган “Бунёдкор” жамоаси йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Ўйинда катта ташаббусга эга бўлган вакилларимиз Вадим Абрамов шогирдларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Айтиш жоизки, август ва сентябрь ойларни футболчиларимиз юқори темпда ўтказишиб, кетма-кет ғалаба қозонишди.
“Қўқон-1912” футзалчилари чемпион бўлишди !
Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” академиясига қарашли спорт залида , футзал бўйича про-лига жамоалари ўртасидаги ўтказилган мамалакат биринчилиги футзалчиларимиз учун омадли бўлди.
Мусобақани юқори савияда ўтказгшан “Қўқон-1912” футзалчилари муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштиришди.
Шундай қилиб футзалчиларимиз келаси йил суперлига мусобақасида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритишди. Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан “Қўқон-1912” футзалчиларига про-лига чемпионлик кубоги ҳамда мусобақанинг олтин медаллар топширилди.