15.02.2020
Маълумки, 2019 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Мазкур фармонда 2020 йилдан бошлаб айниқса, футбол соҳасида бевосита фаолият олиб борадиган шахслар томонидан тотализатор ўйнаш, ўйинга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишилган ўйинлар уюштириш, уларда иштирок этиш жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши масаласига алоҳида урғу берилган.
Шу боисдан юртимизда 2020 йилги футбол мавсуми старти олдидан ЎФАнинг масъул ходимлари томонидан Coca Cola Суперлига ҳамда Про-лигада иштирок этувчи ҳар бир футбол клуби аъзолари учун келишилган ўйинларга қарши кураш мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилиб, бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтказилаётган давра суҳбатлари давомида ЎФАнинг масъул ходимлари томонидан 2019 йилда келишилган ўйинларга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби тақдим этилиб, 2020 йилда бу борада янада жиддий иш олиб борилиши маълум қилинмоқда. Зеро жорий йилдан эътиборан келишилган ўйинлар ташкил қилиш, бу каби ўйинларда иштирок этиш нафақат ЎФА томонидан, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳам назорат ва таҳлил этиб борилади.
Шу сабабли клублар ходимлари, футболчи ва мураббийлари учун давра суҳбатлари ташкил этилиб, тотализатор ўйнаш, учрашув натижасига таъсир ўтказиш учун келишилган ўйинлар ташкил қилиш, уларда иштирок этиш ҳолатларини бартараф қилиш, шу каби ўйинларда қатнашишга ундаш ҳолатлари учраганда эса биринчи навбатда тегишли органлар ҳамда ЎФАни хабардор қилиш лозим экани борасида тушунтириш олиб борилди.
Келишилган ўйинларга қарши кураш бўйича бу каби амалий ишлар йил давомида узлуксиз тарзда давом эттирилади.
Манба: http://ufa.uz