28.08.2020
Бир неча дақиқа олдин Тошкент шаҳридаги “Жар” стадионида Coca Cola Суперлигаси 13-тур доирасидаги “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур баҳс юртимизда жорий қилинган карантин қоида ва меъёрлари сабаб мухлисларсиз ташкил этилди.
Ўйин “дерби”га хос шиддатли тарзда бошланди. Илк дақиқалардан жамоалар ҳужумкорликка зўр беришди. 8-дақиқада вакилларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Муҳаммаданас Ҳасановнинг жарима майдончасига ошириб берган тўпига шериклари етиб кела олишмади. 20-дақиқада футболчиларимиз томонидан ташкил этилган комбинациядан кейин рақиб дарвозаси олдида хавфли вазият юзага келди. Сўнгги узатмага аниқлик етишмади. 25-дақиқада қарши ҳужумда ҳисобни очишимиз мумкин эди. Суҳроб Бердиев қулай имкониятни қўлдан чиқарди. Ушбу вазиятда Норбеков қарши ҳужумда ажойиб рейд намойиш этганини таъкидлаш жоиз. 38-дақиқада бурчак зарбасидан кейин юзага келган хавфли вазиятдан сўнг “Навбаҳор” посбони ажойиб сейв кўрсатиб жамоасини голдан сақлаб қолди. Орадан бироз ўтиб, Норбеков бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади. Кейинги ҳужумда эса бизнинг дарвозамиз олдида хавфли вазият юзага келди. Ҳимоячиларимиз тўпни катта қийинчилик билан қайтариб қолишди. 43-дақиқада Суҳроб Бердиевнинг узатмасидан кейин рақиб дарвозаси олдида яна бир хавфли вазият содир бўлди. Жамоалар танаффусга нурсиз дуранг билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим ҳам худди биринчиси каби шиддатли ҳужумлар остида бошланди. 58-дақиқада Бердиевнинг кучли зарбасини Юсупов қайтарди. Суҳробнинг зарбасини жуда хавфли чиққан эди. 62-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасанов қулай имкониятга чиқиб бориб зарба берди. Юсупов яна ўз ўрнида. 77-дақиқада захирадан майдонга тушган Холмуҳаммедовнинг узатмасидан кейин Норбеков бош билан рақиб дарвозаси томон зарба йўллади. Бироз ноаниқ. Сўнгги дақиқага қадар шиддатли ҳужумларни ташкил этган жамоалар кўплаб имкониятларни юзага келтиришди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда рақибларимиз ўз жарима майдончалари ичида захирадан майдонга Абдуҳамидовни йиқитишди. Бош ҳакам пенальти белгилади. Пенальтини эса Холмуҳаммедов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. Ушбу гол футболчиларимизга навбатдаги “дерби”да ғалаба қозонишди.
Coca Cola Суперлига
13-тур
НАВБАҲОР – ҚЎҚОН-1912 – 0:1
Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Алишер Усмонов, Санжар Шоюсупов, Аҳмад Эргашев.
Назоратчи: Константин Смирнов.
Комиссар: Муҳаммад Содиқ Содиқ-Охунов.
Гол: Мурод Холмуҳаммедов (90+2 пен).
“Навбаҳор”: 1. Ўткир Юсупов, 5. Ғиёс Комилов, 7. Азим Аҳмедов, 10. Азиз Турғунбоев, 18. Сардор Теляков, 22. Игорь Голбан, 25. Шохрух Маҳмудхожиев (11. Ислом Исоқжонов – 46), 28. Хуршид Мухторов, 33. Тоҳир Шамсиддинов, 72. Павел Голишев (9. Иван Совольёв – 64), 88. Руслан Болов (95. Забихулло Ўринбоев – 58).
Захира: 23. Дилшод Ҳамроев, 20. Даврон Ҳошимов, 27. Ислом Рашидхонов, 53. Акрам Баҳриддинов, 70. Аббос Ғуломов.
“Қўқон-1912”: 1. Ботирали Эргашев, 3. Бобуржон Акбаров, 7. Шоҳназар Норбеков (19. Ҳамидилло Абдуҳамидов – 88), 9. Суҳроб Бердиев, 10. Қувондиқ Рўзиев, 14. Аваз Маматхўжаев (70. Мурод Холмуҳаммедов – 75), 15. Ойбек Рустамов, 22. Муҳаммаданас Ҳасанов (13. Сардор Азимов – 75), 23. Александр Мерзляков, 33. Иван Йосович, 91. Якуба Бамба (20. Иқбол Маликжонов – 88).
Захира: 21. Музаффар Абдуллаев, 4. Собит Синдаров, 5. Жасур Ёқубов, 69. Филип Раевац, 99. Бек Абдуллаев.