12.12.2020
Coca Cola суперлигаси Ўзбекистон кубоги 1/4 финал доирасидаги “Машъал” – “Қўқон-1912” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.
– Гапни очиғи, йигитларнинг матонатига, ўзларида куч топа олаётганларига қойил қоляпман. Уларга миннадорчилик билдираман, таъзимдаман. Бугун мағлубиятга учрасак, жамоамиздаги йўқотишлар ҳақида гапирмаслигим мумкин эди. Хозир бемалол айта оламан, бизда жиддий йўқотишлар бор эди. Саккиз нафар футболчимиз сафдан чиққан. Захирада 4 нафар футболчи қолди. Футболчиларимизни Қўқоннинг қаҳрамонлари деган бўлардим. Шундай бўлса-да, бугун ғалаба қозондик ва ярим финалга йўлланма олдик. Бу ёғи икки қадам қолди. Ўйлайманки кубок ўйинларининг қолган қисмида ҳам муносиб қатнашамиз.
Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи бўлимда яхши ўйин намойиш этдик. Иккинчи голни киритишимиз ҳам мумкин эди. Иккинчи бўлимда эса мезбонлар ҳам яхши тўп суришди. Сўнгги дақиқада Музаффар Абдуллаевнинг сейви бизга ғалаба келтирди. “Машъал” сўнгги дақиқаларда плей-оффга амал қилгани учун раҳмат айтаман.
Бугун жуда ҳам муносиб жамоа устидан ғалаба қозондик ва бу ғалаба билан Қўқонлик футбол мухлислари, жамоамиз раҳбариятини табриклаймиз.
Ҳар бир жамоа мухлиси ўз жамоасининг ғалаба қозонишини истайди. Бугун мубораклик ишқибозлар ҳам ғалабани кутишганди.
Қувондиқ Рўзиев жароҳати билан майдонга тушмоқда.
Мавсум сўнггига келиб таркибимизда йўқотишларга дуч келдик. Бунинг устига мавсум ҳам узоқ давом этди. Шунинг учун етакчи футболчиларимизнинг жароҳатлари борлигига қарамай, уларни майдонга туширяпмиз. Энди ярим финалга муносиб тайерланишимиз керак.