27.12.2020
Келаётган 2021-йилги футбол мавсумида ўз олдига юксак мақсадларни қўйишни ният қилган “Қўқон-1912” жамоасининг мураббийлар штаби селекция ишларини қизғин тарзда олиб боришмоқда.
Жамоанинг ярим ҳимоя ҳамда хужум чизиқларини кучайтириш мақсадида ўтган мавсумда ўз жамоалари таркибида етакчилардан бўлган футболчилар жамоамизга таклиф қилинмоқда. Шундай футболчилардан бири якунланган мавсумни “Машъал” таркибида ўтказган хужумчи Мўмин Мелиев келгуси мавсумни Қўқонда ўтказиши ҳал бўлди. Мелиев “Машъал” жамоасини про-лигадан суперлигага чиқишида ҳамда ўтган мавсумда суперлига ўйинларидаги иштирокида ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олди.
Шунингдек “Андижон” жамоасининг таянч ярим ҳимоячиси , кўплаб баҳсларда Андижонликларни сардор сифатида майдонга олиб тушган Фарҳод Бекмуродов ҳам келгуси мавсумни “Қўқон-1912” жамоасида ўтказадиган бўлди. Бекмуродовнинг қандай футболчи эканлигини “Андижон” жамоаси ўйинларини кузатиб борган мухлислар жуда яхши билишади.
“Қўқон-1912” жамоасини эса тажрибали ярим ҳимоячи Музаффар Музаффаров тарк этди. Музаффаров жамоамиз билан дўстона хайрлашди. Музаффар Музаффаровга суперлиганинг бир нечта клубларидан таклифлар бор. Музаффаровга жамоамиз билан ўтказган мавсуми учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз Музаффаржонга келгуси фаолиятларида омад тилаймиз !