27.12.2020
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси якунларига кўра, “Қўқон-1912” мусобақани 5-поғонада якунлади. Клуб мавсум давомида беқарор ўйинлар намойиш этиб келди. Жуда кўплаб учрашувларда турнир аутсайдерларига очколар улашди. Акс ҳолда, жамоани янада юқорироқда, медаллар зонасида ҳам кўришимиз мумкин эди. Шунингдек, қўқонликларнинг чемпионат фаворитларига қарши беллашувларда жуда кам ғалабага эришганига гувоҳ бўламиз. Жамоа ҳимояси қанчалик кучли бўлмасин, ҳужумдаги футболчилар ўз вазиятларидан унумли фойдаланиб, ғалабаларни таъминламас экан, натижалар кўнгилдагидек бўлмайди. Ҳужум чизиғидаги муаммони оддий статистика исботлаб беради: жамоа тўпурари ҳимоячи Мурод Холмуҳаммедов (12 та гол)! Марказий ҳужум вакиллари Филип Раевац, Шоҳназар Норбеков ва Сухроб Бердиевнинг голларини умумлаштирсак, 6 та чиқади, холос. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Қўқон-1912”нинг мавсумни 5-ўринда якунлаши тушунарли.
Кубокда таркибдаги камчиликлар панд берганини кўрдик. “Пахтакор”нинг ярим финалда уларни мутлақ мағлубиятга учратиши кутилган эди. Жамоани легионерлар тарк этди. Мамлакат чемпионларига қарши беллашувда Бахтиёр Ашурматов академия футболчиларидан ҳам фойдаланишга мажбур бўлди. Қўқонликлар Испания терма жамоаси эмасдики, ҳужумчисиз ҳам катта ютуқларга эриша олса! Клуб матбуот котиби Акрамжон Мамадалиевдан легионерларнинг кетиши ҳақида сўраганимизда қуйидагича жавоб олдик:
Бу мавзу хусусида “Қўқон-1912” клубининг бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ҳам “Пахтакор”га қарши Кубок ярим финали учрашувидан сўнг гапириб ўтди:
“Transfermarkt.de” нашри маълумотларига таянадиган бўлсак, клубдаги 5 та футболчи: Жасур Ёқубов, Аваз Маматхожиев, Ойбек Рустамов, Муҳаммаданас Ҳасанов ва Иқбол Маликжоновдан ташқари ҳаммада 31-декабрь санасида шартнома муддати тугайди. Хўш, қолган футболчиларнинг келажаги нима бўлади?
Ушбу савол билан мурожаат этганимизда, матбуот котиби қуйидаги фикрларни билдирди:
Демак, келгуси мавсумда қўқонликлар таркибининг ўзаги сақланиб қолади. Куни кеча клуб расмий “Телеграм” саҳифаси Мўмин Мелиев ва Фарҳод Бекмуродов харидини расман эълон қилди. Демак, клуб раҳбарлари ва мухлисларининг азалий орзуси ҳисобланган халқаро майдон йўлланмаси учун жиддий кураш бошланмоқда. Аммо ушбу жамоадаги баъзи бир жиҳатлар ҳали Осиё даражасида эмасдек. Аввало, майдон ҳолати. “Пахтакор”га қарши кубок ярим финалини қабул қилган “Марказий” ўйингоҳи Суперлига талабларига ҳам жавоб бермаса керак. Ҳа, майдон чими масалаларини ҳал қилиш жуда кўп вақт ва маблағ олади. Аммо водийда стадионлар кам эмас-ку! “Бухоро” клуби минглаб мухлислари армиясини 2020 йилдан маҳрум этиб бўлса-да, стадионини реконструкция қилмоқда. Уй учрашувлари Қашқадарёдаги “Баҳром Вафоев” стадионида ўтказилди. Бухородан Мубораккача бўлган йўл қарийб 90 километрни ташкил этади. Қўқон ва Яйпан ўртасидаги масофа бундан 3 баробар кам. Шунингдек, вилоят маркази Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадиони ҳам миллий чемпионатимиз ўйинларини қабул қила олиш даражасида. Пандемия давридаги иқтисодий қийинчиликлар бу борадаги муаммолар учун баҳона бўла олмайди. Чунки, бу каби камчиликлар аввал ҳам мавжуд эди. Стадиондаги ёритиш тизими билан боғлиқ муаммолар мавсум аввалида ПФЛ томонидан қайд этилганди. Маълумотларга кўра, Қўқондаги “Марказий” стадион ёритиш тизими Суперлиганинг 14 жамоаси ичидаги энг ёмон кўрсаткичга эга. Қўқонликлар стадионида ёруғлик даражаси 100 люксни ташкил этади. ПФЛ қарорига кўра, келгуси мавсумдан ёритилиш даражаси 1200 люксдан камроқ бўлган стадионларда Суперлига баҳслари ўтказилишига рухсат берилмайди.
Молиявий қийинчиликларни гапириш мутлақо ноўрин. Жамоага керагича наф келтира олмаётган легионерларга пул сарфлашдан кўра, келгусида ўзимиз учун фойда келтирадиган ишларга сармоя киритиш муҳимроқ.
Бундан ташқари, стадионда матбуот хизмати ходимларига яратилган шароитлар ҳам тўла-тўкис, деб бўлмайди. Бундай муаммо миллий биринчилигимиз жамоаларининг бир нечтасида мавжудлиги рост. Аммо Суперлигада 5-ўринни эгаллаган ва медаллар учун ҳам даъвогарлик қилган клубга бу каби ҳолатлар ярашмайди, назаримда. Яна Ўзбекистон Кубоги ярим финалидаги ўйинга эътиборингизни қаратишга мажбурмиз. “Пахтакор”га қарши беллашув давомида бир қатор журналистларга медиа трибунада жой етишмай қолди. ОАВ вакиллари учун ажратилган зона анчагина тор. Тасаввур қилинг, “Қўқон-1912” ОЧЛ ёки ОФК кубогида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. Қўқондаги ўйинни ёритиш учун борган журналистларнинг ярми тик оёқда…
Албатта, бу нуқсонларнинг келгусида бартараф этилишидан умидвормиз. Танқид – келажак меваси, дейишади. 2021 йилги мавсумда Суперлига тахти учун талашадиган клубларимиз қаторида “Қўқон-1912”нинг ҳам бўлишини чин юракдан хоҳлаймиз. Биз қолган жамоалардан кутганимиз каби улардан ҳам ривожланиш ва ишга профессионал ёндашувни талаб қиламиз, холос.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Манба: sports.uz