30.12.2020
Хабарингиз бор, “Қўқон-1912” клубининг тажрибали ҳужумчиси Суҳроб Бердиев Суперлига доирасида АГМК жамоасига қарши баҳсда оғир жароҳат олиб, бир неча ойга сафдан чиққанди. Шундан сўнг, клуб расмий “Телеграм” саҳифаси орқали Бердиевнинг ҳолати бўйича керакли маълумотлардан бохабар бўлиб турдик. Футболчининг ҳолати айни дамда анча яхши ва биз у билан фаолияти ҳақида суҳбатлашишга муваффақ бўлдик:
– Ассалому алайкум. Суҳроб ака, аввало, таклифимизни рад этмай, интервьюга розилик билдирганингиз учун раҳмат. Оғир жароҳатдан тикланиш жараёнлари қандай кетяпти?
– Ассалому алайкум! Худога шукр, жароҳат юзасидан энг оғир вазиятлар ортда қолди. Гипсларни ечдим, зарурий муолажаларнинг барчасини оляпман. Худо хоҳласа, тез орада яна мухлислар учун майдонда чиройли ўйинлар намойиш этишга ҳаракат қиламиз.
– Биринчи саволим, одатдагидек, оилангиз, болалигингиз ҳақида…
– Мен Тошкент шаҳрида, кўпчилик қатори ўртаҳол оилада таваллуд топганман. Оилада 4 та фарзандмиз: опам, акам, мен ва укам. Болалигимиздан кўчада копток тепиб, катта бўлганмиз. Шундан, футболга меҳр уйғонган. Мактаб давримизда ҳам кўп вақтимиз футбол ўйнаш билан ўтарди.
– Оилада фақат сиз футболчи бўлганмисиз? Ёки ака-укаларингиз ҳам шу оламданми?
– Футболга бу қадар қизиқишим, албатта, ўз-ўзидан эмас. Отамнинг ўзлари футболчи бўлганлар. Қуйи лигалардан бирида “Лочин” клуби бўлар эди. Дадам ўша жамоада ўйнар эдилар. Ҳар бир ўйинга мен ва акамни олиб кетардилар. Йиллар ўтган сари мендаги қизиқишлар мақсадга айланиб борди. Мендан ташқари, укам ҳам футбол билан шуғулланган. Аммо олийгоҳга киргач, бошқа касб, бошқа йўналиш ортидан кетди. Мен эса институтга кириш баробарида футболни ҳам унутиб қўймадим.
– Ижтимоий тармоқларда қўядиган суратларингиздан отангизни бошқача эъзозлашингизни англаб олиш мумкин. Шу ҳақида гапириб ўтсангиз…
– Шу даражага етишимда энг катта сабабчи бўлган инсонни ҳар қанча эъзозласам кам. Отам шаҳар чемпионатидаги оддий ўйиним бўладими, республика миқёсидаги катта мусобақамдами, барчасида ёнимда туриб, қўллаб-қувватлаб, хатоларимни кўрсатиб турганлар. Улар яратиб берган шароитлар натижасида униб-ўсдик. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ҳозиргача нима бўлишидан қатъи назар, мени дуо қилиб, яхши гапириб юрадилар. Худо умрларини узоқ қилсин, бахтимизга. Шундай ота-онага фарзанд қилиб қўйгани учун Яратганга шукроналар айтаман. Айни дамда оилам Тошкентда истиқомат қилади. Ота-онамдан ташқари, ўз оилам, 2 та қизим барчаларини соғинаман. Тез-тез хабар олиб туришга ҳаракат қиламан. Машғулотлар кўпайиб, бора олмай қолсам, интернет орқали боғланиб, улар билан гаплашаман. Айни кунларда жароҳатимни ўз уйимда даволамоқдаман. Оилам бағрида бу жараён янада осон кечмоқда.
– Ниятларингизга биз ҳам тилакдошмиз. Жисмоний тарбия институтида таҳсил олгансиз, адашмасам?
– Аввал, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаганман. Кейинроқ, Жисмоний тарбия институтига кирганман.
– Демак, иккита мутахассисликка эга инсонсиз. Футболчилик фаолиятингизни якунлагач, сизда машғулотлар борасида муаммо бўлмас экан. Чет элда футболчиларнинг олий маълумотли бўлиши одатий ҳол: бунга клублар ҳам шароит яратиб беради. Сизда бу жараён қийин кечмаганми?
– Дастлабки университетимда ўқиб юрган пайтларимда ёшлар жамоаси таркибида (“дублёр”) ўйнардим. Дарслар куннинг биринчи ярмида бўларди. Кечроқ, машғулотларга борардим. У қадар катта қийинчиликлар бўлмаган. Мусобақалар бўлиб, дарсларга улгурмай қолсам, кейинроқ етказиб олишга доим имкон бўларди. Иккинчи олийгоҳда ўқиш давомида футболчилик фаолиятини ҳам олиб борардим. Соҳам юзасидан иш олиб борганим учун бу гал ҳам қийинчиликсиз ўқишни тамомлаганман. Лекин ҳеч қачон, ўқиш ёки футболдан бирини кераксизга чиқармаганман. Бир кун иккиси ҳам асқатиб қолишини билардим.
– “Қўқон-1912” ўйинларини кузатиб, Суҳроб Бердиев жиззаки инсон, деган хаёлга бориш мумкин. Майдонда жуда кўп асабийлашасиз. Ҳаётда қандайсиз?
– Тўғри, майдонда эмоцияларни ушлаб туриш осон эмас. Ютқазишни ёмон кўраман. Шунинг учун бўлса керак, тезда асабийлашиб кетаман. Аммо майдон ташқарисида доим атрофимдагиларни кулдириб, яхши гапиришга интиламан. Ўйиндаги ҳиссиётлар майдон ташқарисида мутлақо ўзини кўрсатмайди. Менимча, жуда кўплаб спортчиларда бундай ҳолат мавжуд. Уларни майдонда кўрсангиз, важоҳатидан ҳайиқасиз. Аслида эса, улар анча мулойим ва хушмуомала инсонлар бўлиб чиқади.
– “Барселона” мухлиси экансиз. Бунга ким ёки қайси воқеа сабаб бўлган?
– Бу клубга меҳрим тушиб қолганига анча бўлди. Энг асосий сабабчи – Роналдиньо. Унинг ўйинларини кузатиб, жамоага меҳрим ошган. Майдонда ҳам унга ўхшашга ҳаракат қилардим. Кейинроқ, Месси пайдо бўлди. Унинг ҳаракатларини ҳам завқ билан кузатаман. Сўнгги пайтларда клубдаги аҳвол бироз ранжитмоқда. Рональд Куман ҳам кутилган ўйинларни намойиш эта олмаяпти. Унга ҳам бироз вақт керакка ўхшайди.
– “Қўқон-1912” мавсумни ижобий натижалар билан якунлади, десак тўғри бўладими?
– Ўйлашимча, бунинг учун етарли асослар мавжуд. Тўғри, яна ҳам юқорироқ поғоналардан жой олишимиз мумкин эди. Аммо жуда кўп ўйинларда ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Шу сабабдан, бир қатор беллашувларда муҳим очколарни бой бердик.
– Айнан сиз ҳаракат қилаётган ҳужум зонасида муаммо борлиги кўриниб турибди. “Қўқон-1912” Суперлиганинг энг кучли жисмоний ҳолатга эга клубларидан бири. Бахтиёр Ашурматов футболчилик фаолиятида ҳимоячи бўлгани учунми, жамоада ҳимоя анча мустаҳкам. Бироқ, ҳужумчилар мудофаадагилар каби фаол эмас. Бу нима билан боғлиқ?
– Тўғри, бу йил намойиш этган ўйинимдан ўзим ҳам қониқиш ҳосил қилмадим. Футбол – жамоавий ўйин. Ўзимни ўйлаб, гол уришим керак деб эмас, жамоамга фойда келтиришим лозим, деб ҳаракат қилиш керак. Тўғри айтдингиз, биз ҳимояда анча яхши ўйнадик ва жуда кўп ўйинларда шунинг эвазига ғалаба қозондик. Шунинг ўзи ҳам, танланган тактиканинг иш беришидан, деб ўйлайман. Гол уриш керак, ҳужум-ҳужум деб майдонда ҳаракат қилганимизда, балки, жуда кўп ўйинларда имкониятни бой берардик. Ҳа, Бахтиёр ака энг биринчи навбатда ҳимояни, гол ўтказиб юбормасликни таъкидлайдилар. Аммо ҳужумда ҳам бизга анча катта эркинликлар берилган.
– Қўқондаги майдон ҳолатини қониқарли, деб бўлмайди. Бу жамоа футболчиларининг ўзига ҳам ҳалақит берадими? Раҳбарият майдон сифатини ошириш борасида ваъда берганми?
– Ушбу йил аввалида майдон ҳолати анча яхши эди. Бироқ, имтиҳонлар айнан шу стадионда ўтказилди. Шундан сўнг, чимнинг ўзига келиши қийин масалага айланди. Балки, шу жиҳат сабаб бўлиб, бу йил олдингиларига қараганда, анча ёмон аҳволга тушиб қолди. Авваллари, чим бу қадар сийраклашиб кетмасди. Ҳа, мавсум якунигача сарғайиб қоларди. Аммо бу каби ҳолат мана шу йилдагина кузатилди. Келгуси йилга майдон текис бўлади, худо хоҳласа. Бу борада керакли ишлар амалга оширилмоқда.
– Фаолиятингизнинг энг гуллаган даврида оғир жароҳат олдингиз. Бу сизга руҳий тарафдан қандай таъсир қилди? Нималарни ҳис қилдингиз?
– Бошида, оғриқларни эсдан чиқаришга ҳаракат қилдим. Хаёлим фақат тезроқ тузалиб кетиш ҳақида бўларди. Худодан тезроқ оёққа турғазишини сўраб турдим. Барибир, ҳар хил хаёллар келди: яна футбол ўйнай оламанми, югуриб кетармикинман… Аллоҳга шукрки, бу каби ўйлардан қутулишимга ёрдам бериб турувчи яқинларим бор. Уларнинг ёрдами билан мана анча яхши ҳолатдаман. Шу ўринда, жароҳат олган кунимдан то ҳозирги кунгача, телефон қилиб, ижтимоий тармоқлардан ёзиб, ҳол-аҳвол сўраб, кўнглимни кўтариб турган мухлисларга мингдан-минг раҳмат. Фан-клубимиз аъзоларидан ташқари, Қарши, Наманган, турли жойлардан қўнғироқ қилиб, далда бўлиб туришди. Барчаларидан миннатдорман.
– Жароҳатлар битиб қолгани ҳақида айтдингиз. Клубингиз билан шартномангиз 31-декабрда ниҳоясига етади. Олдинда қандай режалар бор? Таклифлар-чи?
– Ҳа, 31-санада “Қўқон-1912” билан шартномам тугайди. Ҳозирча, фақат оғзаки тарзда қизиқишлар бўлаётганини эшитдим. Бу борадаги саволларга янги йилдан сўнг, батафсил жавоб бера олсам керак. Январь ойида келажагим борасида якуний қарорга келаман.
– Мухлисларга тилакларингиз бўлса, йўллаб олишнинг айни пайти…
– Аввало, эътибор учун сизларга раҳмат айтмоқчиман. 2021 йил барчага бахт ва омад олиб келсин. Энг биринчи ўринда сиҳат-саломатлик тарк этмасин. Юқорида айтиб ўтганимдек, оғир кунимда менга суянч бўлиб, ҳолимдан хабар олган барча инсонларга улкан ташаккурларимни изҳор қиламан. Юртимиз, халқимиз тинч бўлсин!
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади