24.09.2021
Coca Cola Суперлигаси 20 -тур доирасидан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Андижон” баҳси 25 сентябрь куни Қўқон шаҳридаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтади. “Водий дербиси” олдидан ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлардаги статистик маълумотлари билан таништириб ўтамиз.
Устунлик ким томонда?
Ушбу жамоалар Ўзбекистон чемпионати доирасида 27 марта тўқнаш келишган. Ўйинларнинг 11 тасида жамоамиз ғалаба қозонган. 7 та учрашувда дуранг натижа қайд этилган. 9 та баҳсда андижонликлар қўли баланд келган.
Тўплар нисбати – 44-40 рақибимиз фойдасига. Ўзаро ўйинларда “Қўқон-1912” жамоаси 40 очкони қўлга киритган. “Андижон”нинг бу борадаги кўрсаткичи – 34 очкога тенг.
Ушбу жамоалар иштирокидаги сўнгги бешта учрашувда қайд этилган натижалар:
05.05.2021. Андижон – Қўқон-1912 – 1:2
29.11.2020. Андижон – Қўқон-1912 – 0:1
24.08. 2020 Қўқон-1912 – Андижон – 2:1
27.11.2019. Андижон – Қўқон-1912 – 1:1
31.03.2019. Қўқон-1912 – Андижон – 0:0
“Дерби”ни Раҳимбек Каримов бошқариб боради
Coca Cola суперлигасининг 20-турида ишлайдиган расмий шахслар рўйхати эълон қилинди. Унга кўра Қўқондаги “марказий” стадионида бўлиб ўтадиган “Қўқон-1912” ҳамда “Андижон” жамоалари ўртасидаги “водий дерби”сини Раҳимбек Каримов бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб борадиган бўлишди.
Шу кунгача Каримов жамоамиз иштирокидаги иккита баҳсни бошқариб борган. Раҳимбек Каримов бошқарган ва ўз майдонимизда бўлиб ўтган “Қизилқум”га қарши баҳсда ҳисоб очилмаган бўлса, сафарда АГМК жамоасига 2-1 ҳисобида имкониятни бой берганмиз.
Coca-Cola Суперлига.
20-тур
25 сентябрь, шанба
ҚЎҚОН-1912 – АНДИЖОН
Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Руслан Самандаров, Обид Жумаев, Иброҳим Исмоилов
Назоратчи: Александр Попов
Комиссар: Бекзод Арипов
Бошланиш вақтлари
“Қўқон-1912” – “Андижон” – учрашуви, шанба куни Қўқон шаҳридаги “Марказий” стадионида соат 16:00 да старт олади. Бугун эса ушбу жамоаларнинг ўринбосарлари U-21 биринчилиги 20 -турида майдонга тушишади. Мазкур учрашув Қўқон шаҳридаги 2-БЎСМ қарашли стадионда ўтказилади. Баҳснинг бошланиш вақти – 16:00га белгиланган.