06.10.2021
Фифа кунлари муносабати билан чемпионатимизда юзага келган танаффусдан фойдаланиб Қўқонлик футболчилар қисқа муддатли таътилга чиқишган эди.
Жамоа аъзолари бугундан яна ўз қароргоҳларига йиғилишди ва навбатдаги тур ўйинларига тайёргарликни бошлаб юборишди. Суперлиганинг сўнгги турида “Пахтакор” жамоасини мағлуб этган “шунқорлар”нинг кайфиятлари аъло даражада. Жамоа аъзолари бугунги машғулотларни юқори кайфиятда ўтказишди. Машғулотларда жароҳати боис ҳимоячилар Иван Йосович ва Бобур Акбаров иштирок этишмади. Ҳужумчи Мўмин Мелиев эса алоҳида шуғулланди. Жамоа етакчилари Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Александр Мерзляковлар эса эртадан машғулотларга қўшилишади. Бугунги машғулотларда “Қўқон-1912” нинг ўринбосарлар таркибида ўзларини яхши томонлама кўрсатган 4 нафар футболчилар ҳам асосий таркиб билан бирга шуғулланишди.
Бахтиёр Ашурматов шогирдлари суперлиганинг навбатдаги тур учрашувини сафарда ўтказишади. “Шунқорлар” 16 октябрь куни Жиззах шаҳрида “Сўғдиёна” жамоасининг меҳмони бўлишади.