17.03.2022
Бугун Coca Cola суперлигасида 3-тур учрашувлари давом эттирилди. Наманганда ”водий дерби”си бўлиб ўтди. Майдонда азалий рақиблар “Навбаҳор” ҳамда “Қўқон-1912” жамоалари ўзаро куч синашдилар.
Доимгидек учрашув “дерби”га хос жанговор курашларги бой тарзда бўлиб ўтди. “Марказий” стадионга ташриф буюрган 12 мингдан ошиқ мухлислар шиддатли футболдан завқ олишди.
Учрашув “Навбаҳор” жамоасининг ҳужумлари билан бошланди. Учрашувнинг 13-дақиқасида жарима зарбасидан Жамшид Искандеровнинг йўллаган зарбаси аниқ бўлди. Музаффар Абдуллаев ўз постида ишончли ўйнаб тўпни ушлаб олди. Орадан бироз ўтиб вакилларимиз бурчак зарбаси ишлашди. Ҳолмуҳаммедов бурчакдан тўпни тўғри дарвозага йўллади. Юсупов катта қийинчилик билан бу зарбани қайтариб қолди. 34-дақиқада меҳмонларнинг хужумлари хавфли тус олди. Сўнгги паллада Холмуҳаммедов тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Бурчак зарбасидан сўнг Жокичнинг зарбаси озгина ноаниқ бўлди. Биринчи бўлимда ҳакам икки марта сариқ карточкасини чўнтагидан олди. 27 дақиқада Андреев, 37 дақиқада эса Мелиев огоҳлантирилди. Учрашувнинг 45-дақиқасида вакилларимиз марказда тўпни мезбонларга олдириб қўйишди. Наманганликларнинг тезкор ҳужумини Элгужа Григалашвили аниқ зарба билан якунлаб ўйиндаги ҳисобни очди. Жамоалар танаффусга мезбонларнинг 1-0 ҳисобидаги устунликлари билан чиқиб кетишди.
2-таймни таркибимизда ўзгаришлар билан бошладик. Тошмирзаев ҳамда Мелиевларнинг ўрнига майдонга Жамшид Хасанов ҳамда Шаҳзодбек Нурматов тушишди. 53-дақиқада мезбонлар иккинчи голни дарвозамизга киритишлари мумкин эди. Нурулло Тўхтасинов бирга-бир вазиятда дарвозамиз томон зарба йўллади. Музаффар Абдуллаев жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди. 62-дақиқада Жамшид Искандеров дарвозамиз устунини нишонга олди. 79-дақиқада Йосовичнинг узатмасидан сўнг Сидиқов боши билан зарба йўллади. Зарбага бир неча см аниқлик етишмади. Шундан сўнг ҳам ҳар икки жамоа вакиллари бир нечта голга тортадиган вазиятларни ярата олишган бўлсада учрашувда бошқа гол киритилмади. Шундай қилиб сўнгги йилларда давом этаётган Наманганда ютқазмаслик анъанамиз бузилди.
Coca-Cola Суперлига. 3-тур
“НАВБАҲОР” – “ҚЎҚОН-1912” 2-0
Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Ришат Нугманов, Дониёр Сайлалов, Ҳусан Музаффаров.
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров.
Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев.
Голлар: Элгужа Григалашвили (45),Зоран Марушич (81)
“Навбаҳор”: 1.Ўткир Юсупов, 6.Рустамжон Ашурматов, 7.Азимжон Аҳмедов (с), 10.Жамшид Искандеров, 19.Нурилло Тўхтасинов, 22.Игорь Голбан, 23.Йован Жокич, 24.Давронбек Ҳошимов, 28.Станислав Андреев, 30.Элгужа Григалашвили, 32.Зоран Марушич.
Захира: 35.Раҳимжон Давронов, 2.Егор Кримец, 4.Боян Цигер, 9.Иброҳим Ғанихонов, 11.Ислом Кенжабоев, 14.Жамшид Болтабоев, 17.Эҳсони Паншанбе, 64.Музаффар Мўминов, 77.Асадбек Собиржонов.
“Қўқон-1912”: 1.Музаффар Абдуллаев, 10.Жавоҳир Сиддиқов, 11.Мўминжон Мелиев, 13.Сардор Азимов, 14.Аваз Маматхўжаев, 15.Ойбек Рустамов, 17.Қувондиқ Рўзиев, 23.Александр Мерзляков, 33.Иван Йосович, 70.Билолхон Тошмирзаев, 77.Мурод Холмуҳаммедов (с).
Захира: 12.Нодиржон Ашурматов, 21.Исломжон Абдуллаев, 4.Илҳомжон Ваҳобов, 5.Славко Лукич, 6.Дилшод Раҳматуллаев, 7.Жамшид Ҳасанов, 8.Санъат Шихов, 18.Шаҳзодбек Нурматов, 27.Анваржон Ҳожимирзаев.