15.04.2022
“Қўқон-1912” жамоаси Ўзбекистон Coca Cola кубогидаги юришини давом эттиради. Бугун Бахтиёр Ашурматов шогирдлари Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида, 1-лига вакили “Дўстлик Олтиариқ” жамоасини имтиҳондан ўтказадилар. Жамоамиз иштирок этаётган “Д” гуруҳига саралаш орқали кириб келган Олтиариқлик футболчилар ўтган 1-турни ўз майдонларида, Муборакнинг “Машъал” жамоасига қарши ўтказиб, 1-3 ҳисобида имкониятни бой берганлар. “Дўстлик Олтиариқ” жамоаси таркибида кўплаб Қўқонлик футбол мухлисларига яхши таниш бўлган футболчилар ҳам тўп суришмоқда.
“Қўқон-1912” жамоаси гуруҳдаги биринчи учрашувни сафарда ўтказиб, Бухоро вилояти вакили “Ғиждувон” жамоасини йирик (4-0) ҳисобда мағлубиятга учратишган.
Бугун Яйпандаги стадионда бўлиб ўтадиган учрашувдаги ғалаба жамоамизни муддатидан олдин Ўзбекистон кубогининг 1/8 финал босқичига олиб чиқади.
“Қўқон-1912” – “Дўстлик Олтиариқ” учрашуви бугун, соат 18-00 да бошланади.
Барча мухлисларимизни “Ўзбекистон” стадионига таклиф қиламиз. Стадионга келиб жамоамизни қўллаб-қувватланг ҳамда жонли футбол завқидан баҳраманд бўлинг.
“Ўзбекистон” стадиони ҳудудида рўзадорлар учун ифторлик ташкил қилинади.