Ўзбекистон футболи
Жаҳон футболи
Фарғона футболи
FC Qo'qon

Создайте свою визитку
Суҳроб Бердиев: «Ҳамиша айбни ўзимдан излаганман»

14.05.2017

Ўзбекистон миллий чемпионати олий лигасининг биринчи давра баҳслари ҳам аста-секин ўз якуни сари яқинлашяпти. Ортда қолган 9та турдан сўнг ҳозирча чемпионат кашфиётлари қаторида эътироф этилаётган «Қўқон-1912» жамоаси етакчиларидан бири Суҳроб Бердиевдан «Пахтакор»га қарши кечган ўйиндан сўнг интервью олдик.

– Суҳроб, «Пахтакор»га қарши кечган учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрилдими ёки одатдагидекми?

– Одатдагидек тайёрландик. Биз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишга интиламиз. Табиийки, тайёргарлик ҳам шунга монанд бўлади.

– Лекин бу сафар ғалаба қозониш насиб қилмади. Ёки дуранг ҳам ғалабадек қабул қилиндими?

– Йўқ, бу учрашувда «Пахтакор»га нисбатан бизда ғалаба қозониш учун имконият юқорироқ эди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳам голга тортадиган хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, ҳужумларни самарали якунлай олмадик.

– Ҳисобни очиб олдинглар, тезкор гол ҳам урилди, лекин…

– Мухлислар бир-бирига ўхшамаган бўлимлар гувоҳига айланишди. Дастлабки 45 дақиқани кўтаринки кайфиятда ўтказдик. Ташаббусни қўлга олиб, ҳисобни очишга эришдик. Аммо иккинчи бўлим бошида гол ўтказиб юборганимиздан кейин ўз ўйинимизни топа олмадик.

– Танаффусда мураббийдан қандай кўрсатма олгандинглар?

– Иккинчи бўлимда тўпни ўз назоратимизда ушлаб туриш ва ҳужум қилишимиз лозим эди.

– Суҳроб, ўтган мавсумни «Пахтакор» сафида бошлагандингиз. Собиқ клубингизга қарши ўйнаш осон бўлмагандир?

– Албатта. Ахир «Пахтакор» таркибида ярим мавсум тўп сурдим. Кетаётган пайтимда ҳам улар билан жуда илиқ тарзда хайрлашгандим.

– «Пахтакор»га яхши ниятлар билан ўтгандингиз. Лекин жамоада узоқ муддат қолиш насиб қилмади. Бунинг сабаби нимада?

– Биринчи навбатда, «Пахтакор»нинг тактикасига тушунмадим ва ўйинга мослашолмадим. Лекин бу борада мураббийларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Ҳамиша айбни ўзимдан излаганман. Агар яна шундай имконият тақдим этилса, бундан оқилона фойдаланиб қоламан.

– «Қўқон-1912» варианти қандай пайдо бўлди?

– Нўъмон Ҳасановнинг таклифига кўра, жамоа билан шартнома имзоладим. Ўша пайт 2-3та клубдан таклиф тушганди. Лекин Нўъмон акани яқиндан билганим учун бошқаларга рад жавобини бердим. Ҳозир ушбу қароримдан афсусланмайман.

– «Қўқон-1912»нинг жорий мавсумда эришаётган муваффақиятлари сири нимада?

– Менимча, энг катта сабаб – бу мураббий маҳорати. Нўъмон Ҳасановнинг ўйинга танлаётган тактикаси иш беряпти.

photo_2017-04-23_06-32-48

 

– «Металлург»га қарши ўйинда «хет-трик» муаллифига айландингиз. Мазкур баҳсда омад ҳам кулиб боқди, деб ўйлайсизми?

– Албатта, ўша ўйинда омадим келди. Энг муҳими, гол уриб, вазифамни бажардим.

 

– Майдонда соф ҳужумчи сифатида ўйнаяпсизми?

– Асосан чап қанот ярим ҳимоясида тўп суряпман.

– Бу сизга ноқулайлик туғдирмаяптими?

– Йўқ. Анчадан бери бу позицияда ўйнаб келяпман.

– Нўъмон Ҳасанов бир неча маротаба турнинг энг яхши мураббийи, деб топилди. Бу мутахассиснинг кучли томонлари нимада?

photo_2017-04-23_06-33-03

– Жамоани ўйинга ҳар томонлама яхши тайёрлай олади. Футболчиларни қандай руҳлантиришни билади. Энг муҳими, рақиб қандай кучга эга бўлишидан қатъий назар, футболчиларни қўрқмасдан ўйнашга ундай олади. Кучли тактик. Бундай мураббийлар олий лигамизда кам.

– «Локомотив» Дубайдаги ўйинда «Ал-Аҳли»га ютқазиб, юзага келган яхшигина имкониятдан фойдалана олмади. Жамоаларимизнинг ОЧЛдаги омадсиз иштирокини қандай баҳолайсиз?

– Аксарият мухлислар қатори «Локомотив»нинг ғалабасига умид қилгандим. Афсуски, қулай имконият кўкка совурилди. Жамоанинг ўйини умуман ўхшамади. Ваҳоланки, «темирйўлчилар» биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида катта ташаббусга эга бўлишганди. Голга тортадиган хавфли ҳужум ҳам ташкил қилинди, лекин ундан фойдалана олишмади.

“Интерфутбол” газетасидан олинди

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1QO'QON-1912510
1Xorazm510
3Mash'al59
4Buxoro59
5Aral57
6Sho'rtan55
7Olimpik Mobiuz54
8Do'stlik50
U-21 биринчилиги
#КлубЎО