27.01.2018
Ўзбекистонлик футбол мухлислари катта ғалабаларни соғиниб қолишганди. Ниҳоят футболимиздаги ўзгаришлар ўз самарасини бериб, Ўзбекистон (U-23) олимпия терма жамоаси Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди.
Равшан Ҳайдаров шогирдлари қитъамизнинг грандларни йирик ҳисобда доғда қолдиришган эди. Финалда эса Вьетнам (U-23) олимпия терма жамоаси тормор этилди.
Финал учрашуви жуда қизиқарли ва кескин курашларга бой тарзда ўтганини айтиб ўтиш жоиз. 8-дақиқада бурчакдан ошириб берилган тўпни Рустам Ашурматов боши билан дарвозага аниқ йўллаб ҳисобни очди. Кейин Вьетнам терма жамоаси ҳужумчиси Нгуень Хай жаримадан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
Биринчи бўлим 1:1 ҳисобидаги дуранг билан ниҳоясига етди. Иккинчи бўлим кучли қор туфайли 50 дақиқага кечиктирилди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб ўзгармади.
Навбат иккита экстра таймларга етди. 2-қўшимча бўлимнинг сўнгги дақиқасида захирадан майдонга тушган Андрей Сидоров бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, Ўзбекистонга чемпионликни тақдим қилди.
Мазкур ўйинда “Қўқон-1912”нинг икки нафар аъзоси майдонда ҳаракат қилди. Жавоҳир Сидиқов асосий таркибда майдонга тушган бўлса, унинг ўрнига захирадан майдонга тушган Андрей Сидоров олтин гол муаллифига айланди. Осиё чемпиони бўлган терма жамоа сафида шунингдек, “Қўқон-1912”нинг яна бир ёш ўйинчиси Ойбек Рустамов ҳам бор эди. Қўқонликлар сизлар билан фахрланади !!!
Ғалаба муборак, Ўзбекистон! Чемпионлик муборак, Ўзбекистон!
U-23. Осиё чемпионати.
Финал.
Вьетнам – Ўзбекистон 1:2
Гол: Нгуень Хай, 41. – Р.Ашурматов, 8, А.Сидоров, 119.