28.01.2018
Ўзбек ҳалқи азалдан ўзининг ажойиб инсонпарварлик анъаналари билан оламга машҳур.
Ота-боболаримиз ўзларидан бизга жуда кўп анъаналарни мерос қилиб қолдиришган. Шундай анъаналардан бири , қўшниникида уста ишласа яъни маҳаллада бирон қурилиш бўлса,”ҳашар” қилиб ёрдамлашиш ва ишлаётган усталарни турли таомлар билан “йўқлаш” ҳалқимизда урф-одатга айланган.
Кеча “Қўқон-1912” жамоасининг “Содиқ мухлислар клуби” вакиллари “Марказий” стадионида ишлаётган қурувчиларни “йўқлашди”. Мансурхон Жалилов бошчилигидаги мухлисларимиз 25 кило ош дамлаб, стадиондаги таъмирлаш ишларида иштирок этаётган юзлаб уста ва қурувчиларни меҳмон қилишди. Тадбирга жамоамизнинг ёши улуғ мухлислари ва жамоамизнинг раҳбарлари ҳам таклиф қилинди. Ёзилган хайрия дастурхонидан қурувчиларнинг бошлари осмонга етди. Тадбир сўнггида қуръон тиловат қилиниб, “Марказий” стадионида ишлаётган қурувчилар ва жамоамиз ҳаққига дуолар қилинди.
Жамоамиз ўзининг бундай саҳоватли мухлислари билан фахрланади. Келаётган мавсумда футболчиларимиз ўзларининг чиройли ғалабалари билан сиз азиз мухлислар кўнглини “йўқлайдилар” деб умид билдирамиз.