03.02.2018
Футбол бўйича Хитойда бўлиб ўтган Осиё Чемпионатида, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси қўлга киритган ғалабадан ҳар бир юртимиз фуқаросининг қалби беҳад қувончларга тўлди.
Бугун Учкўприк туманидаги 33-мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари учун унутилмас кун бўлди. Шу мактаб битирувчиси бўлган “Қўқон-1912” футбол клуби футболчиси Ойбек Рустамов ҳам Хитойдан олтин медал тақиб келди.
Бугун Ойбек Рустамов ўзи таълим олган мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари билан учрашди. Учрашувда Ойбек ўзига таълим ва тарбия берган барча устозларига миннатдорчилик билдирди.
“Биз Хитойда бўлсак ҳам барчангизни қўллаб-қувватлашингизни ҳис қилиб турдик. Ортимизда Ватанимиз, ота-оналаримиз ва албатта бизга таълим берган устозларимиз кўз тикиб турганларини , она ватанимизга чемпионликдан бошқа натижа билан қайтиб бора олмаслигимизни ўйлаб майдонга тушдик. Айниқса келганимиздан сўнг, шахсан ҳурматли юртбошимизнинг ўзлари эътибор қилиб бизни тақдирлаганлари бизга янада катта маъсулият юклади. Мен сиз азиз устозларимга, келажакда Ўзбекистон байроғини жаҳон чемпионатларида ҳам юқори кўтаришга бор куч ғайратимни ишга соламан деб ваъда бераман ” –деди Ойбек Рустамов.
Учрашувда Ойбекнинг биринчи мураббийи Самандар Мелибоев ҳам иштирок этиб, шундай шогирди борлиги билан фахрланишини таъкидлади. Шунингдек 33-мактабнинг ёш футболсевар ўқувчилари, келажакда Ойбек Рустамовга ўхшаган чемпион бўлиш учун ҳаракат қилишга сўз бердилар. Учрашув жуда юқори кайфиятда ўтди.