20.05.2018
Мана ҳаш-паш дегунча, Pepsi суперлиганинг 1-давраси якунланиб, 2-давра ўйинлари ҳам бошланди. Севимли жамоамиз “Қўқон-1912” 12-тур учрашувини, ўз майдонида “Бухоро” жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
“Қўқон-1912” – “Бухоро” учрашуви 22 май, сешанба куни, соат 18:49 да, Қўқондаги “Марказий” стадионида старт олади.
Ўзбекистон проффессионал футбол лигаси рамазон ойида футбол мухлисларига қулайликлар яратиш борасида ўйинлар вақтини, рўзадорларнинг оғиз очиш вақтларига мослаб белгилади. Яъни футбол учрашувининг таймлар оралиғидаги танаффуси оғиз очиладиган вақтга тўғри келади.
“Қўқон-1912” футбол клуби раҳбарияти ҳам рамазон кунлари бўладиган ўйинларда, мухлисларимизга иложи борича яхши шароитлар яратиш борасида бир қанча ишларни амалга оширмоқдалар. “Қўқон-1912” – “Бухоро” ўйинига келган мухлисларимизга, учрашувнинг танаффус пайтида оғиз очишлари ва мусулмончилик амалларни бекаму- кўст адо этишлари учун “Марказий” стадионида барча шароитларни муҳайё қилинади. Стадион ҳудудида турли егулик ва ичимликлар билан савдо қиладиган, махсус жойлар ҳам кўпайтирилади.
Сиз азиз мухлисларимизни муборак рамазон кунларида ҳам стадионимизга келиб жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришга чақирамиз. Биз сизларни “Марказий” стадионига таклиф қиламиз!