16.06.2018
Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Россиядаги жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этиб, кеча тунда юртимизга қайтиб келганди. Бугун эса у Қўқон шаҳридаги янги “JFL-Қўқон” футбол мактабининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ҳақиқий байрамга айланиб кетган ушбу маросимда Умид Аҳмаджоновдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, ўзбек футболи афсонаси, бугунги кунда «Бунёдкор» клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бораётган Миржалол Қосимов, шунингдек, бир қатор футболимиз юлдузлари, ёш футболчилар, уларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
МОҚ раҳбари сўзга чиқар экан, ушбу футбол мактаби тарбияланувчилари келажакда жаҳоннинг кўзга кўринган клубларида ўйнашига тилакдош эканлигини маълум қилди.
«Ишонч билан айтишим мумкинки, футболимиз келажаги шу ёшларимиз қўлида. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамоликларида спортимизда, хусусан, футболимизда жуда катта ўзгаришлар юз беряпти. Бунинг самараси ўлароқ футболчилар ҳам озгина уйғонгандек бўлди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали ҳам айрим футбол учрашувларини юрак ҳовучлаб кузатамиз. Айни пайтда орамизда Европанинг кучли бешлик миллий чемпионатларида тўп сураётган ҳеч ким йўқ.
Мана бу болакайлар эса яқин келажакда шу камчиликларни тўлдиради. Улар билан биз Жаҳон чемпионатларига мунтазам борамиз деб умид қиламан. Ва албатта шу болачалар ўша машҳур Европа клубларида тўп тепишади. Мана ҳозир ҳам улар «Реал», «Барселона», «Ювентус» бўлиб бўлиниб олишган. Бу бежизга эмас. Буларнинг ҳаммаси яхши ният. Умид қиламанки, келажакда бу орзуларимиз реаллик касб этади ва йигитларимизни ўша машҳур клубларда кўрамиз. Бирор бир футболчи чиндан ҳам «Реал» ёки «Барселона» сафида ўйнаб кетса, уларнинг ота-онасини олиб, ўйинларини кўришга бирга борамиз», – деди Умид Аҳмаджонов.
Очилиш маросими давомида Умид Аҳмаджонов футбол мактаби тарбияланувчиларига Ўзбекистон футбол ассоциацияси номидан эсдалик совғаларини топширди.
Маълумот учун, «Аҳмадхон» спорт мажмуаси қошидаги “JFL-Қўқон” футбол мактабида келажагимиз эгалари спортнинг ушбу тури билан шуғулланишлари учун жаҳон стандартларига мос равишда шароитлар муҳайё қилинган. Бу мактабга қабул қилинган болалар футбол сир-асрорларини махсус лицензияга эга бўлган мураббийлардан ўрганадилар. Мактаб тарбияланувчилари футболдан ташқари сузиш машғулотлари ҳамда инглиз тили дарсларида ҳам иштирок этадилар. Ўқиш ва машғулот ўтказишлари учун спорт анжомлари, очиқ ҳамда ёпиқ турдаги майдонлар қуриб битказилган. Шунингдек, футбол майдонларидан ташқари спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиш учун иккита замонавий спорт зали, тренжёрлар зали, бассейн ва сауна ҳам мавжуд. Мактабга қабул қилинган болалар спорт кийимлари билан ҳам таъминланадилар.
“JFL-Қўқон”га 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар шифокор маълумотномаси асосида қабул қилинади. Машғулотлар икки маҳал – эрталаб ва кечки пайт ўтказилади. Бу эса ўқувчиларни ўз вақтида мактабларига бориб дарс олишларига имкон беради.
Манба : the-uff.com