Учкўприкнинг “Мард ўғлон”и Ёҳуд Ойбек Рустамов ҳақида нималарни биламиз
the_title()

03.07.2018

 

Бугун Учкўприк тумани Олмурод қишлоғида яна катта байрам. Ушбу қишлоқда униб-ўсган ёш футболчи Ойбек Рустамов Муҳтарам Президентимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионлигини қўлга киритган  “Қўқон-1912” клуби аъзоси Ойбек Рустамов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу қувончли хабар эса бутун Фарғона вилояти аҳли учун унутилмас лаҳзаларни тақдим этди. Ойбек бутун тумандошлари фахрига айланди, десак муболаға бўлмайди. Бугунги мақоламизда 21 ёшли футболи ҳақида ҳикоя қиламиз.

Футболдаги дастлабки қадамлар

Ойбек Учкўприк туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўқиб юрганидаёқ спортга, хусусан, футболга меҳр қўйди. У  5-синфданоқ туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби футбол гуруҳи мураббийи Самандар Мелибоев кўмагида футбол сир-синоатларини ўзлаштиришни бошлади. Унинг биринчи мураббийи бугунги кунда Учкўприк спорт мактабида фаолият юритмоқда.

Айтиш жоизки, Самандар Мелибоев маълум вақт Ўзбекистон тумани спорт мактабида ҳам фаолият юритган. Ойбек ҳам дастлаб мураббийи қўли остида ўша даргоҳда таҳсил олган.

photo_2018-07-02_16-38-56

–  Ойбек менинг гуриҳимга келганида 11 ёшда эди, деб эслайди Самандар Мелибоев. – Ўшанда Ўзбекистон тумани спорт мактабига қарашли бўлимда ишлардим. Ойбек болалигидан меҳнатсевар, тиришқоқ эди. У ўз мақсади йўлида ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр эди. Бунинг натижасини бугун кўриб турибмиз.

Биз мусобақаларга борсак, Ойбекни ўзидан каттароқ бўлган болалар билан бирга олиб кетардим. Унга катта ишонч билдирардим. Ўз навбатида шогирдим ҳар доим менинг ишончларимни оқларди. Булар бежиз эмас экан. Табиатан камгап, камсуқум йигит бугун юртимизнинг ҳақиқий “Мард ўғлони”га айланди. У билан ҳар қанча фахрлансак ҳам оз.

Тошкент сари…

2012 йил Ойбек Рустамов ҳаётида унутилмас бўлди. Ёш футболчи Тошкент сари йўлга отланди. Айнан мураббийнинг маслаҳати билан 9-синфни битиргач, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги транспорт касб-ҳунар коллежида ўқиш билан бирга машғулотларни “Спартак” футбол клубида давом эттирди. Бу воқеани унинг биринчи устози шундай хотирлайди.

– 2012 йилда Тошкентнинг “Спартак” футбол клубида ёш футболчиларни синовдан ўтказаётгани маълум бўлди ва мен Ойбекни уларга тавсия қилдим. Шогирдимнинг ҳатти-ҳаракатлари тошкентлик мураббийларга манзур бўлди ва Ойбек Рустамов уч йил пойтахтда ўз маҳоратини ошириб борди. У ердаги тажрибали мураббийларнинг саъйи-ҳаракати ва ўзидаги меҳнаткашлик, тиришқоқлик ҳислатлари боис тез орада олий лигадаги мутахассислар назарига тушди.

Катта футболга йўл

2015 йили ўзбек футболининг ватани бўлмиш Қўқонга катта футбол кириб келгач, (“Қўқон-1912” олий лигага йўлланма олди, муаллиф.) ёш футболчиларга бўлган эҳтиёж ошди ва Ойбек Рустамов клубининг ўринбосарлари таркибига жалб этилди. Ёш бўлишига қарамай, қаҳрамонимиз тез орада мухлислар меҳрини қозониш билан бирга жамоанинг етакчиларидан бирига айланди. Албатта бунинг учун ёш футболчи ўз ўстида тинимсиз меҳнат қилганини айтиб ўтиш жоиз.

– Ўринбосарларимиз сафига келганидаёқ, Ойбек ўзбек футболининг янги юлдузи бўлишига ишончим комил эди, дейди “Қўқон-1912” ўринбосарлари мураббийи Муҳсин Низомиддинов. – Бу даражага етиш учун Ойбек тинимсиз изланди. Қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтди. Маҳоратини ошириб борди. Бунинг натижаси эса ўзингизга маълум. Шогирдимнинг муваффақиятларидан хурсандман.

Омадли йил

2016 йил қаҳрамонимиз учун омадли келди. Ушбу йилни Ойбек Рустамов бир умр эслаб юрса ажаб эмас. Ёш футболчи “Қўқон-1912” жамоаси сафида Олий лигада дебют учрашувини ўтказди. Ўшанда у 19 ёшда эди. Айнан кучлилар сафидаги ўйинлари орқали Ойбек Рустамов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ўша пайтдаги мураббийи Жасур Абдураимовнинг назарига тушди ва тез орада ёшлар терма жамоаси билан бирга Осиё чемпионатида иштирок этди.

DSC_8870 копия

Айтганча, Ойбек Рустамовнинг шу даражага етишида “Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг ҳам ҳиссаси беқиёс.

Чемпионлар сафида

2018 йил эса ўзбек футболида ўчмас из қолдирди. 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган терма жамоамиз Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Хитойда бўлиб ўтган  23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида олимпия терма жамоамизнинг бош совринни қўлга киритгани Ўзбекистон халқига ғурур ва ифтихор бағишлади. Чемпион футболчиларимиз мамлакатимиз Президенти томонидан муносиб тақдирланиб, уларнинг ҳар бирига Юртбошимизнинг совғаси – “Малибу” автомашиналари топширилди. Қувонарлиси, Президентимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлган футболчилар қаторида Ойбек Рустамов ҳам бор эди

Юксак эътироф

Қаҳрамонимиз ҳаётида 2018 йил яна бир унутилмас туҳфани тақдим этди.  Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ–5106-сон фармони ва 2017 йил 21 ноябрдаги “Мард ўғлон” давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3402-сон қарорига асосан 27 нафар ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Ойбек Рустамовнинг борлиги мамлакатимиз футбол ихлосмандари учун муносиб совға бўлди.

photo_2018-07-02_16-38-30

Қаҳрамонимиз нима дейди?

– “Мард ўғлон” давлат мукофотига номзодимни тавсия қилишгани ҳамда Муҳтарам Президентимизнинг эътиборларига тушганлигим мен ва оила аъзоларимиз учун кутилмаган бахт бўлди, дейди Ойбек Рустамов. – Бу оддий мукофот эмас. Бу Муҳтарам Юртбошимизнинг менга бўлган ишончларидир. Ушбу ишонч менга доим оғир масъулият юклашини биламан. Ўзбек спорти, хусусан ўзбек футболини янада ривожлантириш учун боримни бериб ҳаракат қилишим лозим. Президентимиз ишончини оқлашимиз шарт. Ўзбек футболи шарафини ҳимоя қилиш учун икки карра куч билан ўйнашга тўғри келади.

Айтганча, бу давлат мукофоти футболдаги биринчи устозларим Самандар Мелибоев, Миразиз Мираҳмедов, Жамол Раҳматулллаев ва бугунгача менга катта маҳорат мактабини ўтаб берган мураббийларимнинг хизматлари эвазига берилган, деб ўйлайман.  Шу ўринда устоз ва мураббийларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Олис юртдаги хушхабар

Президентимизнинг қарори эълон қилинганда, Ойбек Рустамов Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан бирга Туркиядаги йиғинда иштирок этаётганди. Таббийки, бу хушхабар Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги олимпия терма жамоамиз ўйинчилари учун ҳам мароқли бўлгани аниқ.

photo_2018-07-01_15-29-54

– Олис мамлакатда кутилмаган хушхабарни эшитиш ёқимли бўлар экан. Туркиядалигимда отам қўрғироқ қилиб, Президентимизнинг юскак эътирофига сазовор бўлганлигимни айтишди. Ўша пайтдаги ҳолатимни, қувончимни бир сўз билан ифодалай олмайман. Хурсандлигимдан ўзимга сиғмасдим. Оддий қишлоқ йигитининг Муҳтарам Юртбошимизнинг эътиборларига тушиши бу катта шараф.

Ота-онамнинг ҳам қувончлари чексиз, уларсиз мен ҳеч нарсага эриша олмасдим. Бундай юскак шараф барчага насиб этишини тилаб қоламан.

Аброр ДЕҲҚОНОВ тайёрлади

 

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО