20.09.2018
Ҳозиргина Ўзбекистон кубоги ярим финали учун қуръа ташланди. Ярим финал жуфтликлари “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилган “Гол” кўрсатуви вақтида ташланадиган қуръа орқали аниқлаб олинди.
Унга кўра, жамоамиз финал остонасида Тошкентнинг “Пахтакор” клубига қарши ўйнайдиган бўлди. Учрашув 27 сентябрь куни Қўқондаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтади. Шундай қилиб, мухлисларимиз яна бир супер ўйинга гувоҳ бўлишади.
Маълумот учун, ПФЛ ходимларининг хабар беришларича, агар Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби бир жамоа бўладиган бўлса, у ҳолда ОЧЛда Суперлигада учинчи ўринни олган клуб иштирок этади.
Ўзбекистон кубоги
Ярим финал
27 сентябрь
“Қўқон-1912” – “Пахтакор”
28 сентябрь
“Бунёдкор” – АГМК
“Қўқон-1912” ва “Пахтакор” жамоалари PEPSI Суперлига 24-тур ўйинини 22 сентябрь куни ўтказишади. “Бунёдкор” ва АГМК эса 23 сентябрь куни тур ўйинларини ўтказади. Шу сабабдан “Қўқон-1912” – “Пахтакор” баҳси 27 сентябрь куни, “Бунёдкор” – АГМК 28 сентябрь куни бўлиб ўтади. Жамоалар шунда кубок баҳсига қадар 5 кун давомида тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлишади.
Ҳар иккала учрашув ҳам соат 18:30да старт олади ва Спорт телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.
Қуръа натижасига кўра, Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказиладиган финал учрашувида номинал мезбон сифатида биринчи жуфтлик ғолиби қайд этилади.