ФИНАЛ ЙЎЛЛАНМАСИ БОЙ БЕРИЛДИ

27.09.2018

Янги форматда ўтказилаётган Ўзбекистон кубоги баҳслари чиндан ҳам мухлисларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Битта ўйинда жуфтлик ғолибининг аниқ бўлиши эса ҳар бир учрашувнинг кескин ва муросасиз курашлар остида ўтишини таъминламоқда.
Хусусан, бугун бўлиб ўтган ярим финал баҳсига ҳам эътибор ҳар қачонгидан-да юқори эди. Ушбу жамоаларнинг Қўқонда ўтказилган сўнгги бешта учрашуви дуранг натижа билан якун топгани ҳам ўйинга бўлган қизиқишни оширди.
Бугунги финалдан олдинги финал деб таърифланган учрашув кутилганидек шиддатли тарзда бошланди. Меҳмонлар биринчи ҳужумдаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Тиаго Безерра гол муаллифи бўлди. 3-дақиқа жарима тўпидан кейин меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазият вужулга келди.
5-дақиқада пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлдик. Рақибларимиз жарима майдончаси ичида Сидиқовни қўполлик билан тўхтатиб қолишди. Пенальтини эса Мурод Холмуҳаммедов аниқ амалга ошириб ҳисобни тенглаштирди.
21-дақиқада “Шерлар” иккинчи марта ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бу сафар Дилшод Раҳматуллаев кутилмаганда зарба бериб дарвозамизни ишғол этди.
Голдан кейин ўйиндаги шиддат янада ошди. Ҳар икки жамоа вакилларида бир қатор вазиятлар вужудга келди. Лекин улардан самарали фойдалана олишмади.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган сўнгги дақиқаларда меҳмонлар ҳисобни оширишди. Жарима майдончасига оширилган тўпни Исмоил Гонсвалеш дарвозамизга тўғрилаб қўйди. Бу ерда Машариповнинг идеал тўп узатишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Иккинчи бўлимда мураббийларимиз ўйинни кучайтириш мақсадида майдонга тажрибали футболчиларни туширишди. Носир Отақўзиев ва Суҳроб Бердиевлар ўйиннимизни анча жонлантиришди. 57-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни қисқартириш учун яхши имкониятга эга бўлишди. Жарима майдончаси ичига ошириб берилган тўпни Носир Отақўзиев акробатик усулда рақиб дарвозасига йўллади. Суюнов “Пахтакор”ни муқаррар голдан сақлаб қолди.
66-дақиқада “Шерлар” тўртинчи голни киритишди. Жалолиддин Машарипов шериги томонидан оширилган тўпни боши билан дарвозамизга аниқ йўллади.
77-дақиқада ҳисоб янада йириклашди. Тиниб-тинчимас Тиаго Безерра ҳимоядаги хатони гол билан жазолади.
90-дақиқада футболчиларимизда яна бир имконият вужудга келди. Рақиб посбони тўпни жарима майдончаси ташқарисида ушлаб олгани боис, эркин тўп тепиш ҳуқуқига эга бўлдик. Уни эса Суҳроб Бердиев самарали якунлаб, ҳисобни қисқартирди.
Қолган дақиқаларда жамоалар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, дарвозаларга бошқа гол киритилмади. Шу тариқа, футболчиларимиз кубокдаги юришларини финал остонасида тўхтатишди.

Ўзбекистон кубоги
Ярим финал
“Қўқон-1912” – “Пахтакор” – 2:5 (1:3)
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Тимур Галеев, Александр Сидоров, Виктор Серазетдинов.
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Жаҳонгир Рахматуллаев.
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов -6, Суҳроб Бердиев -91+1 – Тиаго Безерра -1, 77, Дилшод Раҳматуллаев -21, Иссмоил Гонсалвеш-45+1, Жалолиддин Машарипов -66.
“Қўқон-1912”: 1. Ўткир Юсупов, 5. Ғиёс Комилов (9. Носир Отақўзиев -46), 10. Жавоҳир Сидиқов, 11. Фирдавс Асадов (4. Баҳодир Акрамов -70), 15. Ойбек Рустамов, 17. Қувондиқ Рўзиев (78. Бехруз Садиллоев -70), 22. Мурод Холмуҳаммедов, 23. Александр Мерзляков, 65. Марко Милич, 79. Иқбол Маликжонов (19. Суҳроб Бердиев -46), 96. Муҳаммаданас Ҳасанов (55. Дарко Гожкович -58).
Захира: 71. Сарвар Каримов, 38. Достон Мелиқўзиев, 41. Савелий Абрамов, 97. Муслим Қурбонов.
“Пахтакор”: 25. Элдор Суюнов, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Шерзод Аъзамов, 7. Азим Аҳмедов (29. Владимир Козак -72), 8. Дилшод Раҳматуллаев (10. Жамшид Исканеров -82), 9. Жалолиддин Машарипов (22. Жасур Яхшибоев -82), 11. Исмоил Гонсалвеш, 15. Егор Кримец, 34. Фаррух Сайфиев, 69. Драган Черан (18. Баҳром Абдураҳимов -83), 77. Тиаго Безерра (88. Игорь Сергеев-78).
Захира: 12. Александр Лобанов, 6. Жаҳонгир Аҳмадов, 21. Камолиддин Тожиев, 27. Достон Ибрагимов.

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО