Қувондиқ Рўзиев: “Жамоамиз ўзига келиб олди деб ўйлайман”.

29.10.2018

Суперлига баҳсларининг иккинчи босқичида у қадар ёрқин ўйин намойиш эта олмаётган “Қўқон-1912” жамоаси 27-турга келиб ўз майдонида “Нефтчи”ни қабул қилиди ҳамда ишончли ғалабага эришди. Учрашувдан кейин қўқонликларнинг тажрибали футболчиси Қувондиқ Рўзиев билан суҳбатлашиб ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

– Жамоангиз “водий дербиси” да ўзи учун жуда ҳам муҳим бўлган ғалабани қўлга киритди. “Нефтчи”га қарши ўтган ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

– Очиғини айтиш керак жамоамиз сўнгги турлардаги кўнгилсиз натижалар туфайли руҳий тушкунликка тушиб қолган эди. Шунинг учун “Нефтчи”га қарши учрашувда бор маҳоратимизни ишга солиб мухлисларимизга ғалаба тухфа этиш мақсадида астойдил ҳаракат қилдик. Шукрки ўйлаган режаларимиз иш бериб амалда узоқ кутилган ғалабани тантана қилдик. Ушбу ғалаба йигитлардаги руҳий тушкунликни бартараф этиб  ўзларига бўлган ишончни қайтарди деб ўйлайман.

– Сизда кичик жароҳат мавжуд деб эшитгандик. Ҳозирда соғлигингиз қандай?

– Худога шукр анча яхши. Аввалги турда тиззамдаги эски жароҳатим яна қайталаб қолди. Шунинг учун “Нефтчи”га қарши учрашувда шифокорларнинг муолажалари ёрдамида ўйнадим. Уларнинг таькидлашича, бу жароҳатни вақтида даволамаса мавсум сўнгига қадар сафдан чиқишим мумкин экан. Ҳозирда даволанишни давом эттиряпман.

– Кейинги турда “Насаф”га қарши баҳс олиб борасизлар мазкур ўйингача тайёр бўла оласизми?

– Насиб қилса “Насаф”га қарши учрашувга юз фоиз тайёр бўламан. Жамоамиз шифокорлари соғлигим борасида қайғуришмоқда. Бунинг учун уларга катта рахмат.

– Жамоангизнинг Суперлига иккинчи босқичидаги натижалари  у қадар яхши эмас. Айтингчи, “Қўқон-1912” жамоасининг салбий натижаларига нима сабаб бўлмоқда?

– Жамоамиз Суперлиганинг қуйи гуруҳидан ўрин эгаллагач, асосий вазифа ёшларга эьтибор беришга қаратилмоқда.  Очиғи, жамоамизнинг  Суперлиганинг юқори олтилигидан жой олиши учун охиригача кураш олиб боргандик.  Бу йўлда ҳар бир рақибга жиддий қаршилик кўрсата олдик лекин бир озгина омад етишмади.  Агар эътибор берган бўлсангиз босқичлар орасидаги танаффус пайтида таркибнинг етакчи ҳамда тажрибали футболчилари билан хайрлашилди ва бу ёғига жамоа тарбияланувчилари билан мусобақани давом эттиришга киришилди. Шунинг учун қайсидир ўйинларда йигитларга тажриба етишмаган бўлса қайсидир учрашувларда омад ҳам биздан юз ўгирди. Қолаверса, Суперлига форматига кўра биринчи босқичдан кейин жамоаларнинг икки гуруҳга ажратилиши ҳам қуйи гуруҳдаги жамоалар ўйинига бўлган эьтибор ҳамда ёндашувни пасайтириб юборди. Сабаби, жамоалар нечоғлик ҳаракат қилиб кўплаб очколарни қўлга киритмасин барибир еттинчи ўриндан юқорига ўта олмайди. Шу сабабли бу гурухдаги кураш ва интрига мақташга арзигулик даражада эмас. Буни стадионга келаётган мухлислар сонидан ҳам билиб олиш қийин эмас.

DSC_1270 копия

– Албатта ҳозирги формат кўплаб баҳс мунозараларга сабаб бўлмоқда. Сизнингча ҳам бу форматдан воз кечиш керакми?

– Амалдаги формат ҳақидаги фикрим элликга эллик. Дастлаб форматнинг ижобий томонларига тўхталиб ўтсам. Мавсум аввалида Суперлигада 12 та жамоа қолдирилиши чемпионатга бўлган қизиқишни аввалги йилдагиларга қараганда анча оширди. Ушбу жамоалар орасида таркиб ва савия жиҳатдан “Локомотив” ҳамда “Пахтакор” бошқалардан бирозгина устун эди. Қолган 10 та жамоа эса деярли бир хил учга эга бўлган  клублар эди. Шу сабабли биринчи босқич ўйинлари кескин курашлар кутилмаган натижалар остида ўтди. Кучли олтиликка кириш учун барча жамоалар астойдил ҳаракат қилишди. Стадионга мухлислар ташрифи ҳам сезиларли даражада ўсди бу яхши лекин масаланинг иккинчи томони ҳам борки бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бугунги кунда ушбу форматдан  фақатгина “Қўқон-1912” ҳамда “Пахтакор” жамоалари азият чекишмоқда. Чунки, жамоалар икки гуруҳга ажратилмасидан олдин турнир жадвалида “Пахтакор” яхшигина устунликка эга бўлиб турганди. Иккинчи босқичда олтин очколар ҳисоблангани эвазига тошкентликлар бу устунликдан маҳрум бўлишди ҳамда ҳозирда “Локомотив”  чемпионлик масаласини етмиш фоизга ойдинлаштириб бўлди. “Қўқон-1912” эса дастлабки босқични еттинчи ўринда якунлаганди. Олтин очколар ҳисобига эса иккинчи босқични ўнинчи ўринда бошлади. Агар эътибор берган бўлсангиз жамоамиз биринчи босқичда асосан етакчи жамоалардан очко тортиб олди ва  шу орқали кучли олтиликка киришга уриниб кўрди. Айнан шу сабабли қуйи гуруҳ жамоалари орасида ўнинчи ўринга тушиб кетдик. Саволингизга келадиган бўлсак, назаримда Суперлигамизда ушбу форматдан кўра бошқачароқ вариянтларни синаб кўриш керак. Агарда асосий мақсад ўйинлар сонини кўпайтириш бўлса, у ҳолда қўшимча турнирларни жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, АПЛда Ангиля лига кубоги ва кубок  баҳслари ҳамда чемпионат ўйинлари ўтказилади. Менимча, бизда ҳам шундай тажрибаларни синаб кўриш керак. Биргина чемпионатни ўзида битта жамоа билан тўрт марта  тўқнаш келиш ўйинларга бўлган қизиқишни пасайтириб юборади. Яна бир салбий жиҳат бу ёшлар лигаси билан боғлиқ. Ҳозирда ёшлар жамоалари асосий жамоа жой олган гурухда иштирок этмоқда.  Ваҳоланки, биринчи босқичда юқори ўринларда борган жамоалар ҳозирга келиб қуйи олтиликдаги жамоа  ёшлари билан беллашмоқда. Аксинча, турнир жадвалининг қуйи поғоналарида юрган жамоалар ҳозир етакчи жамоаларнинг ёшлари билан ўйнамоқда. Қайсидир маънода бу ҳам ёшлар лигаси ўйинларидаги рақобат ва кескинликни пасайтириб юбормоқда.

– Яқинда газетамиз орқали ҳалқаро мусобақалардан четда қолган маълум клублар ўртасида марказий Осиё лигасини йўлга қўйиш таклифи билан чиққан эдик. Футболчи сифатида бу фикрга қандай қарайсиз?

– Очиғи, бу каби турнирлар ташкил қилинса бундан футболимиз фақат ютган бўларди. Қолаверса, Суперлигамизда нафақат кучли учликка кириш балки шундай турнирларга йўлланма олиш учун ҳам жиддий кураш кечган бўларди. Бундай турнирлар жамоалар таркибида ўсиб келаётган ёшлар учун ҳам яхшигина хорижий тажриба бўлиб хизмат қиларди. Бугунги кунда марказий Осиё давлатларида ҳам ўзига яраша қудратга эга жамоалар талайгина. Улар иштирокида бемалол савияли турнир ташкил қилса бўлади.

– Юқорида жамоа асосий эьтиборни ёшларга қаратаётганини айтиб ўтдингиз. Бу ҳолат жамоа келажаги учун ҳизмат қилса керак. Боз устига рақиблар ҳам шунга монанд?

– Албатта бу ҳолат таркибдаги ёшларнинг ўсишига катта ёрдам беради. Ҳозирда, жамоамиз таркибининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Улар жорий йилда ўзлари учун керакли кўникмага эга бўлиб келаси йилдан албатта жамоа натижалари учун ҳисса қўша оладиган даражага эришишади деб ўйлайман. Агар кузатаётган бўлсангиз иккинчи босқичдан асосий таркибга жалб қилинган футболчиларда яхшигина иқтидор мавжуд.

– Сиз ОЧЛда тажриба орттирган футболчиларимиздан бири ҳисобланасиз. Айтингчи, сўнгги йилларда жамоаларимиз бу мусобақада узоққа бора олмаётганликларининг сабаби нимада?

– Футбол жамоавий ўйин. Лекин бу спорт турида шундай салоҳият эгалари бўладики, улар бутун жамоани ўз ортларидан эргаштира оладилар. Сир емаски, бизнинг жамоалар ОЧЛ баҳсларида араб жамоаларига қарши беллашадилар бу жамоалар таркибида эса юқорида айтиб ўтилган хислатни ўзида сингдира олган кучли иқтидорга эга легионерлар тўп суришади. Араб жамоаларининг муваффақияти сири шунда. Қолаверса, футболга бўлган эътибор ҳам юқори даражада. У ерларда биргина ўйинларга ўттиз-қирқ минг мухлис кирганини шахсан ўз кўзим билан кўрганман. Бизда эса кам сонли мухлис сиғимига эга бўлган “Локомотив” стадиони ҳам тўлмасди. Назаримда, бизнинг футболимизга айнан шундай эътибор ҳамда маҳоратли легионерлар етишмайди. Очиғини айтаман, сўнгги бор жамоаларимиз қачон мен айтиб ўтган имкониятларга эга легионерларни ўз сафларига қўшиб олганликларини эслай олмайман. Тўғри, бир вақтлари “Бунёдкор” Ривалдолар ўйнаб юрган даврда ОЧЛнинг ярим финалига қадар етиб борганди. Бироқ ундан кейин ўзбек футболчиларини ўз ортидан етаклайдиган уларнинг ўсишига хизмат қиладиган бирорта легионер юртимизга олиб келинмади. Менимча, ОЧЛдаги салбий натижаларимизнинг асл моҳияти ана шунда деб ўйлайман.

DSC_0191 копия

– Жамоангиз бош мураббийи Нўмон Ҳасанов ўзбек футболининг моҳир ҳужумчиларидан бири бўлган. Табиийки жамоага ҳужумчи таклиф қилишда ҳам ўзи учун мақул бўлган футболчиларни жалб этган. Лекин, негадир сўнгги пайтларда “Қўқон1912” ҳужумчиларида сермаҳсуллик кўзга ташланмаяпти…

– Сермаҳсул ҳужумчи етишмовчилиги фақат бизнинг жамоада эмас  балки бутун ўзбек футболининг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади. Бизда азал азалдан энг кучли чизиқ бу ярим ҳимоя ҳисобланиб келган. Ҳужумда эса афсуски бугунги кунда ўз индивидуал ҳаракатлари эвазига гол ура оладиган ижрочиларимиз йўқ дейдиган даражада кам. Бундай маҳоратга эга бўлган ҳужумчиларимиздан ўз фаолиятини давом эттираётганлар орасидан ўзининг қайта ёшлигини ўтказаётган Марат Бикмаевни  айтишим мумкин холос. Саволингизга келадиган бўлсак, ққорида таъкидлаганимдек иккинчи босқич аввалида етакчи футболчилар қатори жомамиз моҳир ҳужумчиси Игорь Таранга ҳам рухсат берилди ҳамда унинг ўрнига “Пахтакор”дан Жасур Ҳакимов таклиф этилди. Ҳозирда Жасурга мухлислар томонидан турли эътирозлар бўлмоқда бироқ шуни ҳам инобатга олиш керакки бу футболчи “Пахтакор” жамоасида ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Энг яхши машғулот бу ўйин эканлигини инобатга оладиган бўлсак, Ҳакимов тез орада мухлислар кутган ўйинни намойиш эта олади. Агарда у ўз устида ишлашда шу зайлда давом этадиган бўлса келаси йилдан жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланади.

– “Қўқон1912” жамоаси Суперлига клублари орасида энг томошабоп футбол намойиш этадиган жамоалар сирасига киради. Сизнинг ўзингизга қайси жамоаларимиз ўйини ёқади?

– Тўғри айтдингиз. Бош мураббийимиз Нўмон ака Ҳасанов ўзлари ҳужумчи бўлганлилари боис жамоа ўйинида ҳам ҳужумкорликка алоҳида эътибор қаратадилар. Улар ўйин пайтида барчани олдинга чорлайдилар. Шунинг учун бизнинг иштирокимиздаги ўйинларда албатта гол бўлади. Биз доимо ўз бахтимизни рақиб жамоа дарвозаси олдидан қидирамиз, айрим жамоаларга ўхшаб ҳимояга ётиб олиб зерикарли ўйин намойиш қилишдан қочишга уринамиз. Таваккал олдинга боришдан қўрқмаймиз  айнан шунинг учун ҳимояда кўпроқ муаммоларга дуч келамиз.  Шу туфайли ўйинларимиз мазмунли ва томошабоп ўтади, деб ўйлайман. Бироқ, юртимизда энг мазмунли ва чиройли футбол кўрсатадиган жамоа бу “Бунёдкор”деб ҳисоблайман. Бунга жамоа ўйинидаги ранг-баранглик турли услублар ва жамоа йигитларидаги иштиёқ ҳамда шижоатни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Очиғи, бу жамоа ўйинларини томоша қилиб роҳатланаман. Шунинг учун “Бунёдкор”нинг ҳар бир ўйинини катта қизиқиш билан кузатаман.

– Янги авлод мураббийларидан қай бири ўзиин кўрсата олди деб ўйлайсиз?

– Бошқа мураббийларга ҳурмат сақлаган ҳолда бош мураббийимиз Нўмон ака Ҳасановни кўрсатган бўлардим. Сабаби бу мутахассис мамлакатимизнинг етакчи клублари захирасида қолиб кетаётган футболчиларни жамлаб ажойиб жамоани шакллантира олди. “Қўқон1912” жамоасининг мухлислар мехрини қозонишида Нўмон аканинг ҳиссаси катта деб ҳисоблайман. У киши хаттоки “Пахтакор”нинг захирасига ҳам кириб кирмай келаётган Жавоҳир Сидиқовни Қўқонга таклиф қилди ва унги имконият берди. Ҳозир эса Жавоҳир миллий терма жамоамизнинг асосий футболчиларидан бирига айланди. Бундан ташқари, Мурод Ҳолмухаммедов ҳамда Ўткир Юсуповлар ҳам айнан “Қўқон1912”жамоасидаги ўйинлари орқали МТЖдан таклиф олишди. Қисқа қилиб айтганда бош мураббийимиз кашф этилиши мумкин бўлган иқтидорларни ўз вақтида пайқай олди ҳамда футболимизга янги номларни етиштириб бера оляпти.

photo_2018-09-24_04-53-15

– Миллий терма жамоамиз йиғинлари сабаб Суперлиганинг иккинчи босқич ўйинлари уч ойдан кўпроқ вақтни талаб қилмоқда. Назаримизда, ўнта тур ўйинларини ўтказиш учун бу вақт кўпроқдек туюлмоқда…

– Миллий терма жамоа бу миллат юзи ҳисобланади. Шундай экан бош жамоамизнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини кўзланган ҳолда амалга оширилаётган ҳар қандай ҳатти ҳаракатни қўллаб қувватлашимиз керак. Терма жамоамиз равнақи йўлида қилинаётган ҳар бир ишни тўғри деб ҳисоблайман.

“Аср футболи” газетасидан олинди

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО