21.11.2018
Бу йилги мавсум ҳам ўз поёнига етиб бормоқда. Яна иккита ўйиндан кейин Pepsi суперлига баҳслари ҳам якунига етади. Якшанба куни жамоамиз ўз майдонида мавсумдаги сўнгги учрашувини ўтказади. “Сўғдиёна” билан бўлиб ўтадиган учрашув вакилларимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Мавсумнинг якуний қисмини футболчиларимиз юқори савияда ўтказишмоқда. Бунда мухлисларимизнинг ҳам ҳиссалари катта деб ўйлаймиз. Умуман бутун мавсум давомида ишқибозлар жамоамизни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб, футболчиларга руҳий мадад бериб келишди. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Мухлисларимизнинг сафар учрашувларида ҳам фаоллик кўрсатишаётган таҳсинга лойиқ.
“Сўғдиёна” билан бўладиган ўйин жуда муҳим. Мавсумнинг ҳал қилувчи баҳси, десак муболаға бўлмайди. Бундай паллада мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам футболчиларимизга катта куч бағишлаши шубҳасиз. Шу куни мухлисларимиз “12-ўйинчи” ролини бажариб беришларига ишонамиз ва сизлар билан фахрланамиз.
Эслатиб ўтамиз, “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” учрашуви 25 ноябрь куни соат 15:00да бошланади.