04.12.2018
Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги турида мухлислар иккита “дерби”га гувоҳ бўлишди. Улардан бири “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўртасидаги “пойтахт дербиси” бўлса, иккинчисида “Нефтчи” ҳамда “Қўқон-1912”жамоалари иштирокидаги “водий дербиси” ўтказилди. Фарғона шахрида кечган учрашувда меҳмонлар ўз ҳамшахарларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди, ҳамда ўтиш ўйинидан қутулиб қолишди. Ушбу учрашувдан кейин “Қўқон-1912” жамоаси сардори Мурод Холмуҳаммедовни суҳбатга тортдик.
– “Водий дербиси ” ҳамиша ўзининг кескинлиги ва қизиқарлилиги билан ажралиб туради. Айтингчи, бу галги “дерби” қандай ўтди?
– Биласиз, “водий дербилари” ҳамиша шиддатли ва муросасиз кураш остида ўтиб келади. Бу галги ўйин ҳам бундан мустасно бўлмади. Майдонда хар икки жамоа ҳам ғалаба ва мухлислар учун томошабоп ўйин кўрсатишга харакат қилишди. Бу ўйинданги ғалаба “Нефтчи”дан кўра бизга кўпроқ керак эканлиги боис ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик ҳамда учрашув давомида мураббийлар берган кўрсатмаларни аниқ бажарганимиз ҳисобига ҳақли ғалабага эришдик деб ўйлайман. Агарда мана шу ўйинда ғалаба қозона олмасак у ҳолда Про Лига вакили билан ўтиш турнирида қатнашишимизга тўғри келарди. Бизни хаттоки дуранг натижа ҳам қониқтирмасди, шуни инобатга олиб мавсумни ҳеч қандай ўтиш турнирларисиз якунлашни мақсад қилган ҳолда ғалаба учун боримизни бериб ўйнадик.
– Ўзининг шонли тарихига эга “Нефтчи”дек жамоанинг Про Лигага тушиб кетиши кишини ранжитади… ёки бу жамоа шунга лойиқмиди?
– “Нефтчи” шунга лойиқмиди ёки йўқмиди билмадиму, лекин улар ўзлари шундай салбий натижалар қайд этишди. Жамоа жорий йилги мавсумда хаммадан кўра кам очко жамғарди ва бу якунда Про Лигага тушиб кетиш билан якунланди. Аслини олганда эса бундай тарихга эга жамоанинг Про Лигага тушиб кетиши ачинарли. “Нефтчи” қуйи лигаларда ўйнайдиган жамоа эмас эди афсус…
– “Қўқон-1912” жамоаси сўнгги олти турни мағлубиятсиз якунлай олди. Ваҳоланки, иккинчи босқичнинг дастлабки турларида жамоа кўплаб очколарни бой берган эди?
– Тўғри айтасиз. Иккинчи босқичнинг дастлабки турларида керакли очколарни бой берганлигимизнинг сабаби сифатида йигитлардаги рухий тушкунликни айтиб ўтган бўлардим. Боиси, биз “Қўқон-1912”ни кучли олтиликдаги жамоалар орасида бўлишига ишониб келаётгандик. Мақсад ва режалар ҳам шунга монанд тузиб борилаётган эди, албатта биз бунга қодир жамоа эдик. Бироқ, биринчи босқичнинг сўнгги турларида кузатилган омадсизликларимиз туфайли қуйи гуруҳга тушиб қолдик. Тўғрисини айтганда бунга ҳеч ким тайёр эмасди, бу барчамиз учун оғир синов бўлди. Шу боис қуйи гуруҳдаги дастлабки ўйинларимизни қандайдир босим ва рухий тушкунлик остида ўтказа бошладикдик. Бу эса ўз ўзидан салбий натижалар қайд этилишига сабаб бўлди. Очиғи ўзимизга келиб олишимиз учун бир оз вақт керак бўлди ва шуни тушуниб етдикки, агарда тезда барчасини ўзгартириб яна аввалгидек ўйнашда давом этмасак бунданда оғир аҳволга тушиб қолишимиз муқаррар эди. Натижада сўнгги олтита турда яхши ўйин намойиш этиб мухлисларимизга оз бўлсада қувонч улаша олдик.
– Жорий йилги мавсумда энг кўп пеналти тепган жамоа “Қўқон-1912” бўлди. Буни хар ким ўз қарашларидан келиб чиқиб турлича тахлил қилади. Айтингчи, жамоангиз хакамлар қароридан азият чеккан пайтлари ҳам бўлдими?
– Жуда тўғри савол. Алабтта ҳамма ҳам хато қилади, жумладан хакамлар ҳам. Футбол шуниси билан қизиқ. Эхтимол бизнинг фойдамизга белгиланган пеналтиларнинг барчаси ҳам ҳаққоний бўлмагандир, буни биз тахлил қилиб ўтирмайимз. Лекин шуни айтмоқчиманки хакамлар бизнинг жамоа зарарига ҳам кўплаб ноҳақ қарорлар чиқариб туришди. Хаттоки бир ўйинда бир неча маротаба юз фоизли қоида бузилишлар ҳам улар томонидан беэътибор қолдирилган вазиятлар ҳам бўлди.
– Сиз “Қўқон–1912” жамоасининг штатли пеналътичиси ҳисобланасиз. Пеналътиларни жамоа сардори бўлганингиз учун масъулиятни ўз зиммангизга олиб ўзингиз амалга оширасизми ёки мураббийлар шундай кўрсатма беришадими?
– Жамоа сардори бўлди дегани барча имтиёзлар фақатгина унинг учун дегани эмас. Майдондаги ҳар бир футболчининг ўзига яраша устун ва камчилик томонлари бўлади. Мураббийлар машғулот пайтида кимнинг нималарга қодир эканлигини кузатиб боради ва шу асосда ўйин сценарийси тузилади. Масалан, кимдир ўнг қанотдаги кимдир чап қанотдаги жарима зарбаларидан самарали фойдалана олиши мумкин. Бош мураббий шунга қараб ким қаерда жарима зарбасини тепиши кераклигини белгилаб беради. Демоқчиманки мен хам пенальтиларни бош мураббийимиз кўрсатмасига биноан амалга ошираман.
– Сардорлик ваколатидан майдондан ташқарида ҳам фойдаланасизми?
Жамоа сардори бу мураббийнинг ёрдамчиси дегандай гап. Унинг футболчилар олдида ҳурмати бўлиши ва сўзи ўта олиши керак. Шунингдек, бош мураббий билан турли турли масалаларда маслаҳатлашиб жамоанинг ўйини ва муҳитига ижобий таъсир ўтказадиган фикр билдиришга хаққи бор. Шундай экан сардорлар ўз ваколатларидан майдондан ташқарида ҳам фойдаланишади, фақат юқорида айтган масалалар бўйича.
– Ўйин давомида вазиятга қараб мураббий берган кўрсатмаларни ўзгартириб ўйнаган пайтларингиз ҳам бўлганми?
– Албатта бўлган. Агар эътибор берган бўлсангиз мавсумнинг дастлабки турларида ҳимоявий тактика асосида ўйнаганмиз. Шундай пайтларда ўйиндан келиб чиқиб йигитлар билан ўзаро келишган холда ҳимоядан кўра кўпроқ ҳужумкорроқ ўйин намойиш этишга уринган пайтларимиз бўлган.
– Сизнингча юртимизда чиройли ва мазмунли, томошабоп футбол намойиш этадиган жамоа қайси?
– Ҳужумкор футбол кўрсатадиган барча жамоаларнинг ўйинлари мазмунли ва томошабоп ўтади. Булар сирасида “Пахтакор”, “Локомотив”, ҳамда “Насаф”нинг ўйинлари ажралиб туради.
– Сизни нафақат пеналти тепиш бўйича балки уларни қайтариш бўйича ҳам яхшигина кўникмага эга эканлигингизни Саудия Арабистонида ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кузатган эдик. Негадир ҳозирда шу жамоа таркибида тўп сурган футболчиларнинг аксарияти кутилган даражада тўп сура олишмаяпти?
– Тўғриси, бу саволга ўзим ҳам ҳалигача жавоб излайман. Қандай қилиб яхшигина иқтидор эгалари ўз ўзидан йўқолиб қолишади ва бунга нима сабаб бўлади тушунмайман. Доимо кўрамизки турли ёшдаги терма жамоаларимизда юқори салоҳиятга эга келажаги порлоқ футболчилар ўзларини кўрсатишади. Ҳалқаро турнирларда иштирок этиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олишади. Лекин муҳим паллага келганда уларнинг аксариятини йўқотиб қўямиз. Уларга келажакда хам ўзларини яхши ўйинларини намойиш этишларига нима халақит қилади билмайман. Ўша даврда биз ҳам Осиё чемпионатидаги муваффаққиятдан сўнг жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб қайтгандик. Таркибимизда келажаги порлоқ дея эътироф этилган Аббос Махситалиев ҳамда Темур Ҳакимов бор эди, афсуски улар ҳам кейинчалик кучли ижрочилар қаторига кира олишмади.
– Юлдузлик касали ёки молиявий имкониятларнинг кенгайиши ёшларнинг ўз устиларида ишламай қўйишларига туртки бўлмайдими?
– Юртимизда етишиб чиқаётган иқтидорли ёшларимизнинг нари борса 5-6 таси юлдузлик касалига чалиниши мукин. Лекин биз жуда ҳам кўп истеъдодларни бой бериб қўйяпмиз. Агарда бу каби футболчиларимиз билан бунданда эътиборли бўлиб иш олиб борсак келажакда албатта юртимиз футболи ривожига ҳисса қўша оладиган футболчилар етишиб чиққан бўларди.
– ЎФА томонидан Суперлига ҳамда Про Лига жамоаларининг майдони сифати жиддий назоратга олинди. Буни ҳам ўсиш йўлида ташланган қадам сифатида баҳолаш мукинми?
– Албатта, чиройли майдонда чиройли футбол ўйналади. Юртимизда кўплаб жамоаларда майдон сифати борасида муаммо борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу эса жамоаларга ўзлари кутган ўйинни намоиш қилишга халақит қилади. Хар бир жамоа текис майдонда чиройли усуллар ва тактик режаларини тўлиқ амалга ошира олади, сифатсиз майдонда эса чеклов юқори. Бу борада ЎФАнинг қарори долзарб бўлиб турган масалага ечим бўлиб ҳизмат қилди. Ўйлашимча, барча ўйингоҳларда майдон сифати талаб даражасида бўлса футболчилар ҳар бир ўйинда имкониятлари даражасида тўп суришга интилишади ва бу футболимиз ривожи учун ҳам ҳизмат қила олади. Қолаверса, ҳеч қандай баҳона ва эътирозларга ҳожат қолмайди.
– Мавсум якунига етиб бўлди, келгуси режалар қандай?
– Мавсум эндигина якунига етди. Хали келажак режалари хақида аниқ тўхтамга келмадим. Яширмайман олдимда бир қатор қизиқарли таклифлар мавжуд. Буларни эса жамоаларнинг декабр ойидаги йиғинларидан бошлаб кўриб чиқмоқчиман. Боиси, қайси жамоа келаси йили ўз олдига қандай вазифалар қўйиши ҳозирча аниқ эмас. Кўрамиз, жамоаларимиз навбатдаги мавсумда нечоғлик юқори мақсадларни кўзлашади. Билидирилаётган таклифларни шунга қараб ўрганиб чиқамиз. Таклифлар билан чиққанлар орасида ҳориж жамоалари ҳам бор. Агарда барчаси кўнгилдагидай кечадиган бўлса хорижга кетиш ниятим ҳам йўқ эмас.
– Демак “Қўқон1912” жамоасидан кетиш эхтимоли йўқ эмас?
– Шундай бўлиши ҳам мумкин, барчасини вақт кўрсатади. Очиғи, “Қўқон1912” жамоасида барчаси кўнгилдагидек ўтмоқда бу ерда яратилган шаройитлар қониқарли даражада. Қолаверса бош мураббийимиз кучли ва аҳил жамоа ташкил қила олган. Насиб қилса, келгуси фаолиятимни қаерда давом эттиришимни кейинроқ маълум қиламан.
“Аср футболи” газетасидан олинди.