14.03.2019
Coca Cola суперлига қуръасига кўра “Қўқон-1912” жамоаси дастлабки турларда кетма-кет “водий дерби”ларида майдонга тушади.
Нўъмон Хасанов шогирдлари 1-турнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Навбаҳор”га қарши учрашувини юқори кайфиятда ўтказганидан хабарингиз бор. Дастлабки тур учрашувидан сўнг чемпионатимизда юзага келган танаффус сабабли футболчиларимизга қисқа муддатли таътил берилган эди.
“Қўқон-1912” жамоаси эртадан бошлаб навбатдаги “водий дерби”сига тайёргарликни бошлайди. Дастлаб жамоа аъзолари 15-25 март кунлари Тошкент шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини олиб боришади. Тошкент йиғини давомида иккита назорат учрашуви ўтказилиши мураббийларимизнинг режасидан ўрин олган.
“Қўқон-1912” – “Андижон” жамоалари ўртасидаги “дерби” , 31 март куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. “Шунқорлар” ушбу ўйинга тайёргарлик кўриш учун 26 март кунидан машғулотларни Фарғона шаҳрига кўчиришади.
“Водий дерби”си олдидан “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарлари ҳамда футболчиларининг , жамоа мухлислари билан учрашуви ташкил этилади. Бу учрашув қачон ва қаерда ўтказилиши борасида биз кейинги хабарларимизда аниқ маълумот берамиз.