02.05.2019
Coca-Cola Суперлига 7-тур доирасидаги “Локомотив” – “Қўқон-1912” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Нўъмон Ҳасанов иштирок этди.
– Мухлислар томонидан қаралганда ўйин томошабоп бўлди. Ҳар икки жамоа ғалаба учун ҳаракат қилишди. Бундан ҳам кўп голлар кўришимиз ҳам мумкин эди. Ўйинда қайсидир жамоа ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Аммо учрашувда дуранг натижа қайд этилди. Баҳсда қайд этилган натижадан қониқдим. Ўйиндан кейин “Локо” футболчиларини толиқишгани билиниб қолди. Улар икки фронтда кураш олиб боришаётгани яққол сезилмоқда. Бизнинг футболчилар ҳам яхши ўйин кўрсатишди.
Биринчи бўлимда жуда яхши ўйнадик. Тезкор гол ўтказиб юборганимиз ва Мурод Холмуҳаммедовнинг ўйиндан олдин жароҳат олгани шогирдларимга таъсир кўрсатди. Яхшиямки, тезда жавоб тўпини киритдик. Кўпдан бери шундай ўйин намойиш эта олмаётгандик.
Жавоҳирдек ўйинчини топиш осон кечмаяпти. Футболчиларимга қандай ҳаракат қилиш лозимлигини айтяпман.
Ҳамма чизиқда муаммолар бор. Дарвозабонларни алмаштиряпмиз. Ўртада ўйинни ўз қўлига оладиган футболчи тополмаяпман. Ҳимоя марказидаги ротация давом этаётгани ҳам шу билан боғлиқ.
Қўқондан келиб бизни стадионда қўллаб турган мухлисларимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман.