09.05.2019
Ҳар давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Мамлакатимизда “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишоланиб келаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Ўз мустақиллигига эришган давлатлар ичида Ўзбекистон бунинг чинакам намунасини кўрсатди. Хотира ва Қадрлаш куни энди ўзгача, аниқроғи, миллий хусусият касб этди. Бу байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди – у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.
Умуман, дунёқарашни, яъники тафаккурни миллийлаштириш, миллий мафкурани шакллантириш ярим мустамлака исканжасидан қутулган ёш давлат учун шу қадар муҳим эдики, бу – мамлакатнинг мамлакат, давлатнинг давлат бўлиб туришини таъминлайдиган бош омиллардан саналади.
Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.
Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий меъзони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Истиқлол халқимизга, миллатимизга қадриятларини, ўзлигини, ўз хотирасини, миллий ғурурини қайтарди. Мана шу уч сўз – ўзлик, хотира ва ғурур ҳақида ўйлаганимизда мустақилликнинг нақадар улуғ ва азиз неъмат эканлигини яна бир бор ҳис этамиз.
Бугунги айёмда аждодларимиз хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлашдек маънавий қадриятларимиз яна бир бор намоён бўлмоқда, десак янглишмаймиз.
Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, балки бугунги ҳаётимизнинг қадрига етиш, эртанги кунни тўғри тасаввур этиш, демакдир. Хотира инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади. Шу боис, бугунги ёшлар оталаримизнинг юртимиз эрки ва озодлиги, миллатимиз равнақи йўлида чеккан заҳматлари, кўрсатган жасоратларини унутмаслиги даркор. Қадрлаш эса, хонадонларимизга файз–барака бағишлаб, қилаётган эзгу ишларимизга оқ фотиҳа тилаб ўтирган қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, мўътабар отахон ва онахонларимизни ҳаётлигида қадрлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Барча юртдошларимизни бугунги айём билан муборакбод этамиз.
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!