11.09.2019
Шу кунларда кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳрида байрам шукуҳи ҳукмронлик қилмоқда. Қўқонда “Халқаро ҳунармандлар фестивали” бўлиб ўтмоқда. Ушбу фестивал доирасида халқаро ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон футболи ватани ҳисобланадиган “Қўқон-1912” ва “Хўжанд” жамоалари майдонга тушишди.
Бугунги учрашувни очиб бериш учун сўз – “Қўқон-1912” футбол клуби президенти Бахтиёр Толиповга берилди. Клубимиз президенти томонидан “Хўжанд” жамоаси ижрочи директори Мурожон Умаров ва бош мураббий Виталий Левченкога зарбоф чопон совға қилинди.
Учрашув шиддатли тарзда бошланди. Ҳар икки жамоа вакиллари илк дақиқалардан ҳужумга зўр беришди. 10-дақиқада рақибларимизда ҳисобни очиш учун яхши имконият вужудга келганди. Бироқ Юрий Захарвик қулай вазиятни қўлдан бой берди.
17-дақиқада Суҳроб Бердиев жарима майдончасида яхши ҳаракат қилди. Бироқ ҳужумни охирига қадар етказа олмади.
19-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. Футболчиларимиз ижросидаги ажойиб комбинациясидан кейин Шаҳбоз Эркинов рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди.
22-дақиқада Суҳроб Бердиевнинг зарбаси хўжандликлар дарвозасига бориб тушди. Иккинчи голни ўтказиб юборгач, меҳмонлар бироз жонланишди ва дарвозамиз олдида бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Бироқ уларнинг барча ҳаракатлари самарасиз якунланди.
37-дақиқада Бердиев-Эркинов-Аҳмадов комбинация чиройли кўриниш олди. Сўнгги зарба бирозгина ноаниқ бўлди.
40-дақиқада Суҳроб Бердиев рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борганди. Рақиб посбони ажойиб ўйин намойиш этиб тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.
44-дақиқада дарвозамизга пенальти белгиланди. Рақиб ҳужумини қайтиш чоғида Мурод Холмуҳамедов жарима майдончаси ичида рақиб ўйинчисини қўполлик билан тўхтатиб қолди. Пенальтини эса Дилшод Восиев аниқ амалга ошириб ҳисобни қисқартирди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни шиддатли ҳужумлар остида бошлаган вакилларимиз 56-дақиқада ҳисобни оширишди. Бу сафар захирадан майдонга тушган Тимур Усмонов рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди. 65-дақиқада футболчиларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Иқбол Маликжоновнинг жаримадан йўллаган зарбаси “жонли девор”га тегиб қайтди. 69-дақиқада Тимур Ҳакимов ҳисобни яна биттага ошириши мумкин эди. Унинг зарбаси мухлисларни ҳаяжонга солди. 74-дақиқада меҳмонлар ҳисобни ўзгартиришди. Захирадан ўйинга қўшилган Парвиз Алиев дарвозамизни ишғол этди. 80-дақиқада “Хўжанд” футболчилари яна пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Бу гал Жасур Ёқубов қоидани бузди. Ойбек Абдуғаффоров пенальтини аниқ амалга ошира олмади.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Учинчи гол муаллифи – Дилшод Каримов бўлди.
Шу тариқа халқаро ўртоқлик учрашуви жанговор дуранг билан якунига етди.
Халқаро ўртоқлик учрашуви
“Қўқон-1912” – “Хўжанд” – 3:3 (2:1)
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Шохрух Аъзамов, Акмал Раҳимов.
Комиссар: Акрамжон Мамадалиев.
Голлар: Шахбоз Эркинов (19), Суҳроб Бердиев (22), Тимур Усмонов (56). – Дилшод Восиев (44 пен), Парвиз Алиев (74), Дилшод Каримов (93).
Амалга оширилмаган пенальти: Ойбек Абдуғаффоров (80).
“Қўқон-1912”: 1. Ислом Абдуллаев (33. Музаффар Абдуллаев – 46) 7. Жамшид Ҳасанов (72. Алишер Саматов – 35), 11. Тимур Хакимов, 14. Аваз Маматхўжаев (16. Жасур Ҳасанов -46), 15. Ойбек Рустамов, 17. Жаҳонгир Аҳмадов (9. Зафар Тўраев – 46), 19. Суҳроб Бердиев (21. Тимур Усмонов -46), 20. Иқбол Маликжонов, 22. Шаҳбоз Эркинов (91. Отабек Ҳайдаров – 46), 65. Марко Милич (27. Жасур Ёқубов -46), 70. Мурод Ҳолмуҳаммедов.
Захира: 12. Муҳаммадали Собиров, 4. Собит Синдаров, 29. Дониёр Тўлашев.
“Хўжанд”: 16. Муқим Годойбоев, 2. Бахтиёр Чориев, 8. Турсунали Рустамов, 14. Ойбек Абдуғаффоров, 17. Дилшод Восиев (10. Дилшод Бозоров – 46), 21. Фирдавс Чакалов, 23. Дилшод Каримов, 45. Юрий Захаркив (18. Парвиз Алиев – 71), 63. Саидхужа Мухаммадшарифи, 73. Алишер Баротов.
Захира: 1. Далер Баротов, 4. Парвиз Боқиев, 6. Ильсур Самигулин, 25. Абдусамад Самадов.