Уч мавсумдан бери қўқонликларнинг ардоғидаги футболчи!

25.09.2019

“Қўқон-1912” жамоасининг муваффақиятли ўйин кўрсатаётганида Суҳроб Бердиевнинг ҳам қўшаётган ҳиссаси катта.

«Қўқон-1912» жамоаси навбатдаги турни ҳам ўз майдонида ўтказди. Бу сафар Тошкентнинг «Локомотив» клуби Қўқонда меҳмон бўлди. Яхши биласиз, темирйўлчилар Ўзбекистоннинг охирги уч мавсумдаги чемпиони ҳисобланади. Лекин жорий биринчиликда «Локо» чемпионлик камарини «Пахтакор»га топширди. Шунга қарамасдан, Самвел Бабаян бошчилигидаги «Локомотив»да катта салоҳият бор. Лекин бор куч ва имкониятини амалда жорий этиши негадир бироз қийин кечмоқда.

Қўқонда ўтказилган учрашувда эса аввалига мезбонлар вакили Суҳроб Бердиев ҳисобни очганди, иккинчи бўлимда эса меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолишди. Шуни таъкидлаш жоизки, «Қўқон-1912» – «Локомотив» ўртасидаги учрашувнинг энг яхши футболчи сифатида Суҳроб Бердиев эътироф этилди. Ҳужумкор футболчи ҳозиргача Суперлигада бешта гол урди ва Лига Кубогида ҳам деярли шунча голнинг муаллифига айланди. «Локомотив»га қарши беллашувдан кейин эса Бердиев таассуротлари билан ўртоқлашди. Ундан аввало 1:1 ҳисоби ўйинга мос бўлдими, дея сўраганимизда қуйидагича жавоб қайтарди.
– Ўйлашимча, учрашувда қайд этилган 1:1 ҳисоби ўйинга мос бўлди. Аслида эса биз ғалаба қозониш учун астойдил тайёргарлик кўргандик. Олдинги беллашувларда ҳам биз ўйинимизни топиб олгандик ва буни кўпчилик таъкидламоқда. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, «Локомотив» ҳам кучли жамоа. Улар ўтган йили бежизга чемпион бўлишмаганди. Назаримда, ушбу рақибни енгиш учун бизга озгина омад етишмади. Шунингдек, мувозанатни ҳам охиригача ушлаб тура олмадик. Биринчи бўлимдан кейин биз ҳисобда олдинда эдик. Аммо иккинчи бўлимда гол ўтказиб юбордик. Юқорида айтганимдек, дуранг ўйинга мос бўлди ва буни ёмон натижа деб бўлмайди. Барибир бир очкони қўлга киритдик. Ҳозирги пайтда эса бизга ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур. Турнир жадвалига қарасангиз ҳам жамоалар очколар бўйича бир-бирига яқин жойлашишган. Бундай пайтда эса имкони қадар биз ҳам ўз очколаримизни кўпайтириб боришимиз жуда муҳим.
«Қўқон-1912» жамоасининг мағлубиятсиз серияси давом этяпти. Айниқса, кетма-кет ғалабалар туфайли бу клубга бўлган эътибор ҳам яна орта бошлади. Гарчи 20-турда улар ғалаба қозона олишмаган бўлса-да, ютқазишгани ҳам йўқ. Натижада қўқонликларнинг мағлубиятсиз серияси давом этяпти. Уларнинг ўйини ва натижаларидаги бундай ижобийликнинг асосий сабаби нимада бўлиши мумкин? Бунга Суҳроб Бердиев ўз қарашлари бўйича шундай фикр билдирди.
– Биласиз, биринчи даврада майдонимиз тайёр бўлмагани учун асосан сафарда ўйнашимизга мажбур бўлгандик. Шу боис ўшанда бизга мухлисларимизнинг далдаси ҳам етишмаганди. Мана, энди иккинчи даврада асосан ўз майдонимизда, ишқибозларимизнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилган ҳолда ўйнаяпмиз. Бунинг устига биз иккинчи даврага яхши тайёргарлик ҳам кўргандик. Ўйлашимча, ўйинимиздаги ўзгаришлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Ҳаммаси ўз қўлимизда эди, мухлисларимизнинг далдаси ҳам бизни руҳан кучайтиряпти.
Тўғри, «Қўқон-1912» биринчи даврада бир қатор қийинчиликларга дуч келди, бу эса ўз навбатида жамоанинг натижаларига ҳам таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Ўша пайтда ишлаган бош мураббий Нўъмон Ҳасановга ҳам қийин бўлганини таъкидлаш жоиз. У харчанд ҳаракат қилмасин барибир натижаларни ижобий томонга ўзгариши қийин кечаверди. Эндиликда эса Азиз Тўхтабоев бош мураббий лавозимида ўзини кўрсатмоқда. Бердиев эса иккала мураббийнинг ишлаган пайтидаги ўзгаришлар ҳақида гапирди.

photo_2019-09-21_16-02-03
– Нўъмон Ҳасанов билан Азиз Тўхтабоевнинг ўйинга тайёргарликлари, машғулот ўтказиш жараёнлари катта фарқ қилмайди. Чунки Азиз ака Нўъмон аканинг шогирди ҳисобланади. Бундан ташқари, жамоамизга Тимур Кападзе ҳам ўзининг маслаҳатлари билан ёрдам бериб келмоқда. Ишидан бўш бўлган пайтда жамоамизга йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдамини аямаяпти. Лекин Тўхтабоев билан Ҳасановнинг ўртасида катта фарқ бор деб ўйламайман. Тўхтабоев жамоада ҳужумкор футболни янада кучайтирди. Биз кўпроқ пас ўйин кўрсатишни ва ҳужумкорликни оширишни бошладик. Ўйинларимизда шу жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиляпти.
Биринчи даврадаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин футболчиларда клубни алмаштириш истаги туғилиши ҳам мумкин. «Қўқон-1912» учун эса мавсумнинг дастлабки ярми омадсиз кечганини ҳисобга олсак, ёзда Суҳроб Бердиевда жамоасини ўзгартириш хоҳиши пайдо бўлганмиди?
– Йўқ, менда бундай истак бўлмаган, айниқса «Қўқон-1912»нинг бундай ҳолатида ташлаб кетиш умуман хаёлимга келмаган. Аксинча, жамоамизнинг мавқеини тиклаш учун икки баробар кўпроқ куч билан ишлашга киришдик. Мана, кўриб турибсизлар, уринишларимиз натижасида оз-моз бўлса-да, олдинга қадам ташладик. Лекин янада юқорига кўтарилиш учун биз охиригача курашишимиз керак. Мухлисларимиз олдида керакли очколарни қўлга киритишимиз керак. Олтита учрашувдан яна тўрттасини ўз майдонимизда ўйнаймиз. Биз қолган учрашувларда ҳам иложи борича максимал очколарни қўлга киритишимиз лозим. Агар очколарни қўлга киритаверсак, ўз-ўзидан юқори ўринларга кўтарилаверамиз. «Қўқон-1912»ни эса ярим йўлда ташлаб кетиш умуман хаёлимга келмаган, – дея жавоб қайтарди, Бердиев.

DSC_9686 копия
Айтиш керакки, Суҳроб Бердиев «Қўқон-1912»да учинчи мавсумини ўтказмоқда. Демак, унга Қўқонда тўп суриш ёқяпти. Қолаверса, уни маҳаллий ишқибозлар ҳам яхши кўришади. Футболчи эса клубда ўтказаётган йиллари ўзи учун ҳам ёқаётганини айтиб ўтди.
– Ўтган йили мавсум бошларида ўзимга келишим бироз қийин кечганди. Лекин ҳозир ҳаммаси яхши. Агар уч йилликни умумий тарзда оладиган бўлсак, анча ўсиш бўлганини айта оламан. Аммо бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Жамоада барчаси биз учун ижобий. Шунчаки, меҳнатларимизни янада кучайтиришимиз керак. Шунда мақсад сари катта қадам ташлаган бўламиз. Бу клубда фаолиятини давом эттириш ўзимга ҳам ёқади. Чунки Қўқонда футболни қанчалик севишларини биламан, мухлисларига ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Ҳозирда эса айнан уларнинг далдаси бизга катта куч бағишлаяпти.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО