26.01.2020
Янги мавсумга жиддий тарзда ҳозирлик кўраётган Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “шунқорлар”, бугун Қўқон шаҳрида тўпланишди.
Мазкур йиғинга 24 нафар футболчи чақирилди. Жамоа кўригида бўлиб турган бир қатор ёш футболчилар навбатдаги йиғинга жалб қилинишмади. Бугун куннинг иккинчи ярмида Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги футболчилар Қўқон шаҳридаги “Аҳмадхон” спорт мажмуасида ўз машғулотларини ўтказишди. Машғулотларда асосан футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини яхшилашга ҳамда уларнинг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган машқлар бажарилди. Футболчилар бадминтон, валейбол, баскетбол каби спорт турларида ўзларини синаб кўришди. Эртага ҳам жамоамиз икки маҳал машғулотларда иштирок этишади.
Хабарингиз бор бугундан Фарғона шаҳрида “Фарғона вилоят хокими кубоги” турнири старт олди . Мазкур турнирда “Қўқон-1912” жамоаси иккита таркиб билан иштирок этади. “Қўқон-1912” жамоасининг асосий таркиби қатнашадиган “А” гуруҳи вакиллари бугун дастлабки ўйинларни ўтказишди. Вакилларимиз мазкур мусобақадаги иштирокларини 28 январь куни, иккинчи турда, Қувасой шаҳрининг “Цементчи” жамоасига қарши ўйин билан бошлашади.
“Қўқон-1912” жамоасининг иккинчи таркиби эса “С” гуруҳида ўз ўйинларини ўтказади. Ёшлардан иборат бўлган жамоамиз эртага Қирғистон республикасининг “Ош-академия” жамоасига қарши майдонга тушадилар.