30.01.2020
Бугун Фарғонадаги ФарДУ стадионида «Вилоят ҳокими кубоги-2020» мусобақа 3-тур доирасидаги «Қўқон-1912» – «Навбаҳор-2» учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув жамоамиз учун омадсиз бошланди. 3-дақиқада дарвозабонимизга пенальти белгиланди. Пенальтини Мирзамаҳмудов аниқ амалга ошириб ҳисобни очди. Голдан кейин катта устунликка эга бўлган вакилларимиз рақиб дарвозасига олдида кетма-кет ҳужумлар уюштиришди.
Бахтиёр Ашурматов бугунги баҳсда бирмунча ёшартирилган таркибни майдонга туширган. Жамоанинг кўплаб тажрибали футболчилари бугун захира ўриндиғидан ўрин олишди. Айрим етакчиларга эса дам берилди.
28-дақиқада вакилларимизда ҳисобни тенглаштириш учун қулай имконият юзага келди. Қанотдан ошириб берилган тўпни Муҳаммаданас Ҳасанов боши билан рақиб дарвозасига йўллади. Рақиб посбони супер “сейв” намойиш қилди. 32-дақиқада яна бир қулай вазиятни йўққа чиқардик. Футболчиларимиздан омад очиқчасига юз ўгирди. Дастлаб Зоҳид Абдуллаевнинг зарбасини дарвозабон қайтарди, кейин эса Синдаров очиқ дарвозага зарба йўллаган эди, сўнгги паллада ҳимоячи тўпга улгурди.
Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида футболчиларимиз кетма-кет ҳужумларни ташкил этишганига қарамай, ҳисобни тенглаштира олишмади.
Иккинчи бўлим вакилларимиз учун муваффақиятли бўлди. 48-дақиқада Зоҳид Абдуллаев ҳисобни тенглаштирди.
66-дақиқада футболчиларимиз рақиб дарвозасига иккинчи тўпни киритишди. Зоҳид Абдуллаев голга муаллифлик қилди. Бурчак тўпидан сўнг ҳимоячилар хавфни бартараф қилишгандек бўлди. Бироқ иккинчи темпда ҳужумни ривожлантирган Ойбек Рустамов ўзининг индивидуал ҳаракатлари эвазига Зоҳид Абдуллаевни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Тажрибали ҳужумчи эса вазиятдан унумли фойдаланди.
Сўнгги дақиқада Андрей Сидоров учинчи голга муаллифлик қилди. Шу тариқа вакилларимиз мусобақадаги навбатдаги ғалабани қўлга киритишди.
“Фарғона вилояти ҳокими кубоги-2020”
“А” гуруҳи
3-тур
“Қўқон-1912” – “Навбаҳор-2” – 3:1 (0:1)
Голлар: Зоҳид Абдуллаев – (48, 66), Андрей Сидоров (90+3). – Миржалол Мирзамаҳмудов (3-пен).
«Қўқон-1912»: 46. Хуршид Хўжаев, 4. Собит Синдаров (7. Жаҳонгир Аҳмадов-56), 5. Муҳаммаданас Хасанов, 9. Зоҳид Абдуллаев (99. Суҳроб Нуруллоев-80), 11. Бек Абдуллаев, 13. Шодиёр Ҳожиматов, 15. Ойбек Рустамов, 20. Иқбол Маликжонов, 21. Андрей Сидоров, 27. Жасур Ёқубов, 29. Ҳамидилло Абдухамидов.
Захира: 43. Музаффар Абдуллаев, 7. Шоҳназар Норбеков, 14. Аваз Маматхўжаев, 191. Отабек Ҳайдаров.
“Навбаҳор”: 68. Миржалол Маматхонов, 3. Асад Лутфуллаев, 28. Қодир Икромов, 31. Аюб Жўраев, 35. Шерзод Ғуломжонов, 37. Миржалол Абдумуталов, 41. Раҳим Шарипов, 48. Жавоҳир Ҳусанов, 52. Баҳром Турғунпўлатов, 82. Миржалол Мирзамаҳмудов, 83. Жамолиддин Баҳромов.
Захира: 1. Исроил Обиджонов, 18. Юнус Абдувоҳидов, 24. Жамшид Ғаффоров, 27. Адҳам Абдуллаев, 36. Омад Тоштемиров, 88. Шоҳжаҳон Ҳабибжонов, Азиз Хурсанбоев.