25.02.2020
Кеча “Қўқон-1912” футболчилари кечки машғулотлардан сўнг , жамоамизнинг асосий аренаси бўлган , “Марказий” стадион холатини бориб кўрдилар. Айтиш жоизки йилдан йилга стадионимиз кўркига кўрк қўшилиб бормоқда. Ҳар йили бир янгиликка қўл уриш анъанага айланиб қолди. Бу йил стадионимизга янги электрон реклама таблолари ўрнатилди.
Шунингдек кеча “Марказий” стадионнинг анжуманлар залида Қўқон шаҳар хокими Маъруфжон Усмонов жамоамиз аъзолари ҳамда фидоий мухлисларимиз билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда шунингдек хокимликнинг бир қатор мутахассислари ҳам иштирок этишди. Шаҳар хокими Маъруфжон Усмонов билан бўлиб ўтган учрашув ўзаро фикр алмашиш , очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
“Қўқон тарихий шаҳар , шаҳримиз ўзининг буюк тарихий шахслари, тарихий обидалари,юксак маданиятига эга бўлиш билан бирга , ўзбек футболининг ватани ҳам ҳисобланади. Сиз билан биз ҳам биздан кейинги авлодга чиройли тарих қолдиришимиз лозим. Бугунги кунимиз эртага тарихга айланади. Футбол ўйини бутун халқимизнинг кайфиятига таъсир қиладиган, шаҳримизнинг ривожланишига ҳам ўз таъсирини кўрсатадиган ўйин. Шунинг учун биз футболга бефарқ эмасмиз. Барча ютуқларимиз ўзимизники, биз бугун қандай муаммоалар борлигини ва уларни бартараф этиш чораларини кўришмиз керак . Бу борада сизларнинг фикрларингиз биз учун муҳим”-деди жумладан Маъруфжон Усмонов.
Шундан сўнг “Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов йиғилганларга жамоанинг мавсумга тайёргарлиги, таркибдаги футболчилар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтдилар. Учрашув очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Йиғилишга ташриф буюрган бир қатор жамоамизнинг ашаддий мухлислари ҳам ўзларининг фикрларини билдириб ўтишди. “Қўқон-1912” жамоаси матбуот ва маркетинг бўлими бошлиғи Акрамжон Мамадалиев , учрашувлар бошланиш вақтларининг белгиланиш тартиби , чипталар савдоси ва уларнинг нархлари борасида йиғилганларга маълумот бериб ўтди.
Учрашув чоғида стадионимизда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплиги борасида танқидий фикрлар ҳам билдирилди. Шаҳар хокими Маъруфжон Усмонов камчиликларни бартараф этишда ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз лозимлигини таъкидлаб , бу борада мутахассисларга керакли кўрсатма ва топшириқларни бериб ўтдилар.
“Клуб ўзининг базасига ва академиясига эга бўлиши лозим, биз бу борада қандай ёрдам бериш керак бўлса тайёрмиз. Келажакда Қўқон футболининг ривожланишида академиянинг роли катта. Шунинг учун мен шахсан бу ишни ўз назоратимга оламан”-дедилар Маъруфжон Усмонов.
“Қўқон-1912” жамоасининг етакчи футболчилари Суҳроб Бердиев ҳамда Александр Мерзляковлар ҳам учрашув чоғида сўз олиб , жамоадаги ички муҳит аъло даражада эканлиги, футболчилар ҳар бир ўйинга фақат ғалаба учун майдонга тушишлари, мухлисларимиз қўллаб-қувватлаб туришса албатта уларни хурсанд қилишларини айтиб ўтишди.
Учрашув сўнггида ёши улуғ , отахон мухлисларимиз келаётган мавсумда жамоамизга омад тиладилар. Учрашув кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.