08.03.2020
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!
Қадрли опа-сингиллар, лобар қизлар!
Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами 8 март – Хотин-қизлар куни билан жамоамиз аъзолари ва мухлисларимиз номидан самимий муборакбод этамиз!
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
Айни шу кунларда Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлмиш Сиз, муҳтарама аёлларнинг шаънига юрак-юрагимизда, қалбимиз тўрида бўлган энг самимий, энг олижаноб сўзларни, ҳурмат ва эҳтиром, севги ва садоқат туйғуларини изҳор этиш учун имконият туғилади.
Юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, ижтимоий фаоллиги тобора юксалиб бораётганини ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида яққол кузатиш мумкин.
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида сиз муҳтарама аёлларнинг барча соҳалардаги тутган мавқеини ошириш, уларни оилада ҳам, одамлар орасида ҳам ўзларини янада бахтли ҳис этишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Бугун хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилгани хеч кимга сир эмас. Ёшларни ҳаётга тайёрлаш, уларни болаликдан бошлаб замонавий билим ва касб-ҳунарларга, маданият ва спортга ошно этиш, урф-одат ва маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, жонкуярлик фазилатларингизга таянамиз.
Тилагимиз ва ниятимиз битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилаймиз. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!
Бир қўлида дунёни, бир қўлида бешикни тебратаётган ва халқимизга саломатлик улашаётган мунис хотин-қизларимиз, опа-сингилларимизга баҳорий кайфият, меҳнат фаолиятингизда зафарлар, шахсий ҳаётингизда омад ва бахт ёр бўлишини тилаймиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз онахонлар, опа-сингиллар!