12.06.2020
Бугун уч ойлик танаффусдан кейин мамлакатимизга катта футбол ҳавоси кириб келди. Бундан бир неча дақиқа олдин U-21 биринчилигининг 4-тур доирасидаги «Бунёдкор» – «Қўқон-1912» учрашуви бўлиб ўтди.
Айтиш керак, мазкур баҳс уч ойлик танаффусдан кейин санитария-гигиена қоида ва меъёрлари асосида ўтказилаётган илк ўйин ҳисобланади.
Учрашувдан аввал ўйин ўтказиладиган майдон, захира ўриндиқлари, дарвоза ва унинг тўрлари, копток, «фишкалар», ечиниш хоналари белгиланган талаблар асосида дезинфекция қилинди.
Учрашувнинг илк дақиқалари футболчиларимизнинг босими остида ўтди. Лекин дарвоза томон аниқ зарба йўллангани йўқ. Ўйин жамоамизнинг устунлигида давом этаётган бир пайтда мезбонларда яхши имконият вужудга келди. Ҳимоячиларимиз хатога йўл қўйишган эди. Муҳаммадали Собиров жамоамизни қутқарди. 40-дақиқада вакилларимиз яхши ҳужум ташкил этишди. Мухторов-ҳамидуллаев-Абдуллаев комбинацияси чиройли чиқд . Сўнгги паллада ҳимоячи зарба беришга ҳалақит қилди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Шаҳзод Маъмуржоновнинг кучли зарбасини ҳимоячи қайтариб қолди.
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида футболчиларимиз ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Иброҳим Мухторов рақиб дарвозасини ишғол этди. Ушбу голда Бек Абдуллаевнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Абдуллаев рақиб жарима майдрнчасига ёриб кирган эди. Ҳимоячилар уни йиқитишди. Сўнгги паллада Бек тўпни Мухторовга узатишга улгурди. Мухторов эса қойилмақом зарба билан рақиб посбонини ожиз қолдирди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди. Ўйиннинг 1-таймида дарвозабонимиз Муҳаммадали Собиров икки марта ажойиб сейв намойиш қилиб жамоамизни голдан қутқарганини айтиб ўтиш лозим. Умуман олганда, футболчиларимиз биринчи бўлимда яхши таассурот қолдиришди.
Иккинчи бўлимни майдон эгалари фаол тарзда бошлашди. Вакилларимиз ҳимояда ишончли ўйнаб, рақибнинг ҳужумларини қайтаришди. 68-дақиқада қарши ҳужумда Абдуҳамидов яхши ўйнаб, ҳимоячидан қочиб кетиб рақиб дарвозабони билан деярли бирга-бир вазиятга чиқиб борди. Сўнгги паллада Умрзоқов меҳмонларни муқаррар голдан сақлаб қолди. 74-дақиқада майдон эгалари ҳисобни тенгаштиришди. Ҳимоячиларимиз рақиб футболчисини эътибордан четда қолдиришди. Натижада Фаррухбек Мухторов дарвозамизни ишғол этди. 79-дақиқада мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Муҳаммадқодир Аҳадовнинг ажойиб тўп узатишидан кейин Абдулазиз Абдусаломов дарвозабонимиз қаршисида ёлғиз қолди ва аниқ зарба йўллади. Орадан бир дақиқа ўтиб, ҳисобни тенглаштириш учун қулай имкониятга эга бўлдик. Абдуҳамидовнинг бош билан йўллаган зарбасини Умрзоқов катта қийинчилик билан қайтарди. 83-дақиқада жарима зарбасидан кейин Шодиёр Ҳожиматовнинг зарбаси аввал дарвоза тўсинига тегиб кейин майдонга тушди. Ҳакамлар тўп дарвоза чизиғини тўлиқ кесиб ўтмаган деб топишди. Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда “Бунёдкор” футболчилари учинчи тўпни киритишди. Ҳимоячиларимизнинг хатосидан кейин Умид Султонов дарвозабон билан бирга-бир чиқиб борди ва посбонимизга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Сўнгги дақиқалар шиддатли ўтди. Гол ўтказиб юборгач, ҳужумга отланган футболчиларимиз пенальти тепиш ҳуқуқига жга бўлишди. Рақибларимиз ўз жарима майдончалари ичида Абдухамидовни йиқитишди. Хамидилло Абдухамидов пенальтини жуда чиройли тарзда амалга ошириб, ҳисобни қисқартирди. Шу тариқа голларга бой бўлган баҳсда ёшларимиз мағлубиятга учрашди.
U-21 биринчилиги
4-тур
«Бунёдкор» – «Қўқон-1912» – 3:2 (0:1)
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Ҳусниддин Баҳодиров, Ойбек Каллахўжаев, Абдурашид Худойберганов.
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Сардор Қудратуллаев.
Голлар: Фаррух Мухторов (74), Абдулазиз Абдусаломов (79), Умид Султонов (90+3). – Иброҳим Мухторов (45), Ҳамидулло Абдуҳамидов (90+6 пен).
«Бунёдкор»: Жасурбек Умрзоқов, Жавоҳир Рўзиев, Сардорбек Хурсандов, Диёрбек Раҳимқулов, Иброҳим Ибрагимов, Бўронбек Мирзасалимов, Жасурбек Холдоров, Музаффар Олимжонов, Маликшоҳ Расулов, Валерий Акопов, Умарали Раҳмоналиев.
Захира: Глеб Харин, Отабек Жўрақўзиев, Хуршидбек Убайдуллаев, Фаррухбек Мухторов, Абдулазиз Абдусаломов, Муҳаммадқодир Аҳадов, Жасурбек Абдулбеков, Умид Султонов, Абдухолиқ Зиёев.
«Қўқон-1912»: 12. Муҳаммадали Собиров, 2. Шаҳзод Маъмуржонов, 5. Жасур Ёқубов, 19. Ҳамидилло Абдуҳамидов, 24. Абдуллоҳ Миркомилов, 41. Абдуллоҳ Юнусов, 39. Сардор Етовқўзиев, 44. Шодиёр Ҳожиматов, 31. Иброҳим Мухторов, 37. Муҳсин Норматов, 99. Бек Абдуллаев.
Захира: 1. Ботир Эргашев, 25. Барҳаёт Саидаҳмаджонов, 29. Рамз Исақов, 32. Шукур Мўминов, 35. Аброр Усмонов.